Линклар

logo-print

"Ҳьюман райтс уотч" қочқинлар билан учрашишга ишонмайди

  • Ҳурмат Бобожон

Бир неча халқаро ташкилотлар ортидан "Ҳьюман райтс уотч" ҳам Қирғизистон ҳукумати беш ўзбек қочқинини Ўзбекистонга топширгани юзасидан хавотир изҳор этди.

Ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Рейчал Денбернинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати халқаро қонунларни бузган ҳолда ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга мажбуран қайтариб, улар ҳаётини хавф остига қўйган. Улар Ўзбекистонда қийноқ ва таҳқирлашларга учраши мумкин.

“Қирғиз ҳукумати халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол тарзда бузди. Улар халқаро қонунчилик олдида ўз мажбуриятларига содиқ бўлмади ва бу жуда ҳафсаламизни пир қилди”, - деди Р.Денбер.

Куни-кеча БМТнинг қочқинлар идораси ҳам айни шу юзадан баёнот бериб, қочқинларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши “Қирғизистон ҳукумати йўл қўйган мудҳиш хато” эканини таъкидлаганди.

Тошкент ҳукумати томонидан Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланаётган беш киши - Жаҳонгир Мақсудов, Ёқуб Тошбоев, Одилжон Раҳимов, Расулжон Пирматов ҳамда Фаёз Тожихалилов Андижондаги қонли зўравонликлар ортидан Қирғизистонга қочиб ўтган 400 дан ортиқ қочқин орасида бўлган. Қолган қочқинлар халқаро ташкилотлар ёрдамида ўтган йил ёз мавсуми охирларида Руминияга учириб юборилган ва шундан сўнг АҚШ, Австралия ва Европа давлатларига жойлаштирилганди. Ўшандан буён БМТнинг қочқинлар идораси ва “Ҳьюман райтс уотч” Қирғизистон ҳукуматини Ўшдаги тергов изоляторида қолган беш қочқинни Ўзбекистонга топширмасликка чақириб келаётган, улар ортга қайтарилса, қийноққа юз тутилиши ва ҳаттоки қатл этилиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди.

“Ҳаёти хавф остида бўлган мамлакатдан қочиб келган одамларнинг яна ўша мамлакатга қайтариб юборилиши халқаро қонунчиликнинг қўпол бузилишидир. Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар мунтазам эканини назарга олсак, Қирғизистон қийноқлар тўғрисидаги халқаро конвенцияга ҳам зид ҳаракат қилганини кўрамиз. Қийноқ амалиёти Ўзбекистонда давомли қўлланилаётгани ҳақида биз етарли маълумотга эгамиз”, - дейди Р.Денбер.

Хабарларга кўра, ўзбекистонлик қочқинларни юртига қайтариш қарори Қирғизистон Бош прокуратураси томонидан чиқарилган. Қирғизистон ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов айни ҳолат юзасидан муносабат билдирар экан, Бишкек ҳукуматининг бу хатти-ҳаракати халқаро қонунчиликка зид келмаслигини айтди.

“Ўтган йили 439 ўзбек қочқинини учинчи давлатга бериб, БМТ конвенцияларига содиқлигимизни кўрсатганмиз. Қолган беш фуқаро ҳақида гапирадиган бўлсам, бу борада Қирғизистон прокуратураси Ўзбекистон тақдим этган далиллар асосида қарор чиқарган. Бу ерда барча қонунчилик меъёрларига амал қилинди”, - деди А.Жекшенқулов.

Айни пайтда “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ҳам, БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги ҳам Ўзбекистонга топширилган қочқинлар тақдиридан жиддий хавотирда бўлиб, Ўзбекистон ҳукуматидан улар билан учрашишга рухсат олиш имконларини қидирмоқда.

Шунга қарамай, “Ҳьюман райтс уотч” Ўзбекистон ҳукумати хорижий ташкилотлар вакилларига беш ўзбек қочқини билан учрашишга рухсат беришига унчалик ишонмаслигини билдираётир.

“Ўтган йили Қирғизистон тўрт ўзбек қочқинини мажбуран Ўзбекистонга депортация қилганида ҳам кўплаб ташкилотлар, жумладан, БМТнинг қочқинлар идораси, Халқаро қизил хоч ташкилоти улар билан учрашишга изн сўраб, Тошкент расмийларига мурожаат этган эди. Аммо бу талаб қондирилмади. Албатта, Ўзбекистон ҳукумати халқаро кузатувчиларга улар билан учрашиш учун рухсат бериши шарт, лекин ўтмишдаги тажрибадан келиб чиқсак, бунинг имкони жуда оз эканини кўрамиз”, - дейди Р.Денбер.
XS
SM
MD
LG