Линклар

Америкага учадиган самолётларни портлатишга уриниш ҳаракатлари фош этилганидан буён Буюк Британияда хавфсизлик чоралари энг юқори даражада қолмоқда.


Бу ҳақда мамлакат ички ишлари вазири Жон Рейд маълум қилди. Унинг айтишича, террорчилик таҳдиди юқори даражада қолаётган бир вақтда хавфсизлик чоралари ҳам сусайтирилмайди.
“Полиция кучлари ёки ҳукуматимиз ҳозирча вазиятдан қониқиш ҳосил қилгани йўқ. Амалиёт давом этяпти. Таҳдид даражаси юқори қолаётган бир вақтда террорчиликка қарши кураш ва таҳлил марказимизга кучайтирилган тартибда фаолият юритиш тўғрисида кўрсатма берилган”, – деди Жон Рейд.
Буюк Британия Марказий банки самолётларни портлатиш фитнасига алоқадорликда гумон қилинаётган 19 кишининг исмини ошкор қилди. Айни пайтда бу фитнага алоқадорликда гумон қилиниб, жами 24 шахс ҳибсга олинган. Покистон расмийлари ҳам яқинда 7 киши ҳибсга олинганини, улардан икки нафари Буюк Британия фуқароси эканини маълум қилди.
Расмийларнинг билдиришича, самолётларни портлатишни мақсад қилган мазкур гуруҳ портловчи моддаларни ичимлик идишларига яшириб олиб ўтишни режалаштирган. Ҳозир бутун дунёда аэропортларда қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилмоқда. Тошкент аэропортида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
XS
SM
MD
LG