Линклар

logo-print

Ёруғлик кўринмаяпти, лекин...

  • Озодлик

АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Ричард Баучернинг ўтган ҳафтада Тошкентга қилган сафари ҳам “Зарафшон-Newmont” қўшма корхонасининг Ўзбекистонда қолишини таъминламайдиганга ўхшайди.

Расмий Тошкент “Зарафшон-Newmont”нинг маълум миқдордаги тилласи ва бошқа мулкини гаровга олгани, унга бир неча ўн миллион доллар миқдорида солиқ юклагани ва солиқ имтиёзларидан маҳрум этганидан сўнг компания раҳбарияти Ўзбекистонда ишни давом эттиришга кўзи етмайдигандек кўринмоқда.

Ҳозир “Зарафшон – Ньюмонт” мамлакатдан тилла экспорт қилишни тўхтатган. Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳам компаниянинг 14 миллион АҚШ доллари миқдордаги ҳисоб рақамини музлатишга мажбур бўлган.

Гарчи кузатувчилар АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Ричард Баучернинг Тошкентга сафари АҚШ сармоядорларининг аҳволини яхшилаши, Андижон воқеаларидан кейин дарз кетган Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини илиқлаштиришини тахмин қилган бўлса-да, бу умидлар ҳозирча умидлигича қолмоқда.

Р.Баучернинг президент Ислом Каримов билан учрашувдан кейин айтган қуйидаги гаплари умидлар оқланмаганига яна бир далил бўлиши мумкин.

“Биз Американинг Ўзбекистондаги компаниялари билан узвий алоқаларни сақлаб турибмиз. Бу компаниялар учун мамлакатда иш олиб бориш тобора қийин бўлмоқда ва фикримча, маҳаллий ҳукуматнинг бу борадаги янги қарорларидан бошқа инвесторлар ҳам тегишли хулоса чиқаряпти. Шу боис, назаримда бу ишларда имкон қадар эҳтиёт бўлиш ва адолатга риоя қилиш керак”, - деганда Р.Баучер аҳвол ўзгаришига умид камлигига ишора қилгани кўриниб турибди.

Шунга қарамай, “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган “Зарафшон – Нюмонт” қўшма корхонаси бош директори вазифасини бажарувчиси Виктор Клепинин вазият барқарорлиги, ишлаб чиқариш давом этаëтганини маълум қилди.

“Суднинг солиқ тўғри тўланмагани тўғрисидаги қароридан сўнг бу масала билан ҳозир солиқ қўмитаси шуғулланяпти. Текширув ишлари қонун доирасида олиб бориляпти. Агар суд ҳақиқатдан ҳам бизнинг солиқ пулини тўлашимиз ҳақида қарор қабул қилса, тўлаймиз”, - деди В.Клепинин.

Қўшма корхонанинг бир ходими ҳам айни пайтда иш тўхтамагани, маошлар бериб борилаётганини билдирди.

Бир муддат аввал олтин қазиб олиш бўйича дунëда иккинчи ўринда турадиган “Newmont” компанияси “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасидаги 50 фоизлик улушини сотувга қўйиши мумкинлигини хабар қилинганди.

Шу йилнинг апрель ойида Россиянинг “Интеррос” холдинг ширкати “Зарафшон-Ньюмонт”га қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Бироқ “Интеррос” компанияси ходими яқинда “Озодлик”ка берган интервьюсида айни пайтда бу қизиқишлар ўз-ўзидан йўқолганини айтди.

“Компания директорлари кенгашида “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонаси улушини сотиб олиш ҳақидаги режалар бекор қилинди. Бунга анча бўлди. Ҳаттоки веб сайтимизда ҳам бу ҳақда ëзилган. Бунга ҳеч қандай изоҳ йўқ. Лойиҳани кўриб чиқишди. Натижада эса у кераксиз, деб топилди. “Интеррос” “Зарафшон-Ньюмонт” билан ҳамкорлик қилмайдиган бўлди”, - деган эди “Интеррос” ходими.

Американинг “Newmont Mining” компанияси, Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати ўртасида чиқиндилардан олтин ажратиб олиш ва “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонаси тузиш ҳақида 1992 йил 16 январда келишувга эришилган ва ширкат 1995 йилда ишга тушган эди.
XS
SM
MD
LG