Линклар

Қочқинлар прокурорни ўлдиришда айбланмоқда

  • Абдулла Искандар

Қирғизистон Бош прокуратураси қарори билан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган андижонлик беш қочқин устидан тергов бошланди. Уларга Андижон шаҳри прокурорини ўлдиришда ҳам айбланмоқда.

Бу ҳақда расмий Тошкент нуқтаи назарини ифодалувчи “Пресс-уз.инфо” сайти тарқатган хабарда айтилишича, терговни Андижон вилояти прокуратураси махсус тергов гуруҳи олиб бормоқда. Қочқинларга 13 май воқеалари вақтида ҳалок бўлган Андижон шаҳри прокурори Ғани Абдураҳмоновни ўлдиришдан ташқари оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш, ноқонуний диний оқимларга аъзолик айблари юкланмоқда.

“Пресс-уз.инфо” бу ҳақдаги маълумотни Бош прокуратурадаги ишончли манбадан олганини ëзади.

Аммо Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Қирғизистондан қайтариб олиб келинган беш қочқин масаласи прокуратура ваколатига кирмаслигини билдирди.

Жаҳонгир Мақсудов, Расул Пирматов, Одилжон Раҳимов, Ёқуб Тошбоев ўтган йил ёздан бери Ўш шаҳридаги тергов изоляторида сақлаб келинган эди. Бешинчи қочқин Фаёз Тожихалилов эса ўтган йил кузда Ўшда ноқонуний муҳожирларга қарши ўтказилган амалиёт вақтида қўлга олинганди.

Бу шахслар кейинчалик БМТ томонидан қочқин, дея этироф этилган, шунга қарамай, яқинда Қирғизистон уларни юртига экстрадиция қилганди. Қочқинлар икки давлат чегарасидаги “Дўстлик” божхона-чегара пости орқали юртига қайтарилган, Ўшдаги манбанинг маълум қилишича, бу ишни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати амалга оширган ва дастлабки тергов-суриштирувни ҳам шу идора ходимлари юргизаётган эди. Аммо МХХ вакили бу масала билан суд шуғулланиши айтганидан кейин “Озодлик” мухбирининг Ўзбекистон Олий судидан маълумот олишга уринишлари бесамар кетди.

Одатда шов-шувли тергов-суриштирув ишлари ҳуқуқ ҳимоячилари назаридан четда қолмайди. Шунга қарамай, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Абдураҳмон Ташанов андижонлик беш қочқиннинг кейинги тақдири ҳали ҳам номаълум қолаётганини таъкидлади.

Айни пайтда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга қайтарилган қочқинлар қийноққа солиниши эҳтимолидан хавотир билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG