Линклар

logo-print

ЎИҲ Тожикистон хавфсизлигига таҳдид солмоқда

  • Садриддин Ашур

Тожикистонда яширин фаолият юритаётган Ўзбекистон исломий ҳаракати қанча аъзога эгалиги номаълум, аммо бу ҳаракат Тожикистон миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.

Сўғд вилояти ички ишлар бошқармаси штаби бошлиғи полковник Мирзонаим Муртазоев шундай баёнот берди.

“ЎИҲ сафида Тожикистоннинг ҳам бир қанча фуқароси бор. Бу ўтказилган тезкор амалиётлар чоғида аниқланди. Аммо бу ҳаракат аъзоларининг Тожикистондаги умумий сони маълум эмас”, - деди полковник.

Унинг сўзларига кўра, вилоят ИИБ ходимлари томонидан шу пайтгача ЎИҲнинг тўққиз аъзоси ушланган ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Яқинда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ўтказилган операция чоғида ўлдирилган икки шахс ҳам ЎИҲнинг тожикистонлик аъзолари экани тасдиқланган.

“Бугун бу ҳаракат аъзолари Тожикистон миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид солиб турибди. Сўғд вилоятида содир этилган барча террорчилик ҳаракатларида уларнинг қўли бор”, - деди М.Муртазоев.

У вилоятда жиноятчилик ўтган йилларга нисбатан кўпайиб бораётганидан ташвиш билдирди. Жорий йилнинг 7 ойи давомида ўтказилган текширувлар шуни кўрсатганки, вилоят ҳудудида умумий жиноятлар сони 3 фоиз, жумладан, қидирув эълон қилинган шахсларнинг оғир жиноят содир қилиши 15 фоиз, одам ўлдириш 41 фоиз, қароқчилик 60 фоиз ортган.

М.Муртазоев фуқароларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам ўтган йилдагидан кўпайганини билдирди.

“Шу йилнинг олти ойида вилоятда 102 киши ўз жонига қасд қилган. Уларнинг 63 нафари эркак, 39 таси хотин-қиз, 15 нафари вояга етмаган болалардир. 9 киши руҳий хасталик, 10 киши оғир иқтисодий шароит, 11 киши оилавий жанжаллар сабабли ўз жонига қасд қилган. 72 фуқаро нега бу ишга қўл ургани сабаблари аниқланмади”, - деди полковник.

М.Муртазоевнинг таъкидлашича, вилоят ҳудудида “Ҳизб ут-таҳрир” диний экстремистик партиясининг фаолияти ҳам кучайгани сезилмоқда. Ўтган ойлар давомида мазкур партиянинг 33 аъзоси ҳибсга олиниб, уларнинг аксарияти турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG