Линклар

logo-print

Табиий газ – Украинанинг “бош оғриғи”

  • Озодлик

Яқиндагина Украина бош вазири лавозимини қайта эгаллаган Виктор Янукович бу вазифада Россияга илк сафарида ўз мамлакатига табиий газ етказиб бериш масаласида музокаралар ўтказади.

У Сочида Россия президенти Владимир Путин ва бош вазир Михаил Фрадков билан учрашади.

Январь ойида Украина ва Россия ўртасида газ нархи юзасидан кузатилган тортишув Украина ва Европа давлатларига газ таъминотининг қарийб тўхтаб қолишига сабаб бўлган эди. Ўшанда Киев Россиядан газнинг ҳар минг куб метрини илгаригидек 50 эмас, балки 95 долларга харид қилишга кўнишга мажбур бўлганди.

Икки ўртадаги келишувга кўра, “Газпром” Украинага газни аслида 230 доллардан сотади. Бироқ ўртадаги “РосУкрЭнерго” компанияси воситачилигида Россия гази Марказий Осиёдан келадиган арзон газга аралаштириб сотиладиган бўлгани сабабли Украинага газ 95 доллардан тушади.

“Газпром”га тегишли бўлган “РосУкрЭнерго”нинг Украинага газ етказиб бериш учун нега воситаси сифатида танланганига ҳам, газнинг нега бундай айёрона схемада сотилаётганига ҳам кўп вақтдан бери аниқлик киритилгани йўқ.


Шунга қарамай, 14 август куни В.Янукович жорий йилда Россия ва Украина ўртасидаги газ муносабатларида сезиларли ўзгаришлар бўлмаслигини маълум қилди.

“Бу йил биз ҳеч нарсани ўзгартирмаймиз. Агар газ нархини пасайтиришнинг иложи бўлса, уни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. 2007 йилга келиб биз шаффоф тизим яратамиз ҳамда дунë жамоатчилиги ва Украина аҳолисини Украинага нисбатан тадбиқ этиладиган газ сотиш тизими ҳақида хабардор қиламиз”, - деди В.Янукович.

Украина 2007 йилда ҳам газ нархини сақлаб қола олмайдиган кўринади. Чунки “Газпром”нинг айрим раҳбарлари Киевга келгуси йили газ нархи янада баланд бўлишига ишора қилмоқда. Шундай бўлса, Украина минг куб метр газга ҳозиргидек 95 доллар эмас, балки 230 доллар тўлаши керак.

Украина импорт қиладиган газ нархи қанча бўлиши туркман гази баҳосига ҳам боғлиқ. Ашхобод “Газпром”ни газ нархини ҳозирги 65 доллардан 100 долларга кўтариши ҳақида аллақачон огоҳлантирган.

Мутахассислар фикрича, Украина иқтисоди ўз рақобатдошлигини сақлаб қолиши учун газни энг кўпи билан 120 доллардан сотиб олиши лозим.

Шу йилнинг январида юз берган газ можароси бошқа қайтарилмаслиги учун Киев Москва билан келиша олармикин?

Россия узоқ вақтдан буён Украинадан Европага ўтадиган газ қувурини назорат қилишни истаб келади. Украина шу вақтгача бу масалани муҳокама қилишни рад этиб келаётган эди. Аммо энди бу мавзу Сочидаги учрашувда кўтарилиши тахмин қилинмоқда. Шундай бўлса-да, В.Янукович Украина газ транспорти тизимини Россия бошқаришига қарши эканини маълум қилди.

“Украина ўз газ транспорти тизимига ўзи хўжайинлик қилади. Биз уни бошқа мамлакатга топширмаймиз, чунки бу мамлакат манфаатларига зиддир. Тизимни қайта таъмирлаш эса бошқа масала. Биз буни ҳал этиш учун дунëнинг истаган бурчагидан ҳамкорларни таклиф этамиз”, - деди В.Янукович.

В.Януковичнинг ҳукуматга қайтишини россияпараст кучларнинг зарғалдоқ инқилобчилар устидан ғалабаси сифатида кўраётган Кремль учун Украина бош вазирининг бу гаплари бошоғриқ туюлмоқда. Шундай экан, В.Януковичнинг ҳокимиятга эришиш борасидаги ютуғи қандай баҳоланмасин, Украина ва Россия ўртасида газ нархлари юзасидан кузатилган тортишувнинг бошқа қайтарилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
XS
SM
MD
LG