Линклар

logo-print

"Иваново ўзбеклари" ҳозирча юртига экстрадиция қилинмайдиган бўлди

  • Озодлик

15 август куни Россия Бош прокуратураси ўтган йили Иваново шаҳрида ҳибсга олинган ўзбекистонлик 12 ва қирғизистонлик бир фуқарони Ўзбекистонга экстрадиция қилишни тўхтатди.

Улар расмий Тошкент томонидан Андижонда содир бўлган қонли воқеаларда иштирок этишда айбланаётган эди. Россия Бош прокуратурасининг маълум қилишича, Страсбург шаҳридаги инсон ҳуқуқлари суди ҳибсдагилар иши юзасидан қарор чиқаргунича, экстрадиция жараёни тўхтатилган.

“Россия Федерацияси Бош прокуратураси жазони ижро этиш бўйича федерал хизматга 13 хорижий фуқарони Ўзбекистонга экстрадиция қилиш жараëнини тўхтатишни буюрди. Эслатиб ўтаман, бундан аввал Ўзбекистон Бош прокуратураси сўровига кўра, Россия томони ушбу шахсларни Тошкент ихтиëрига топшириш ҳақидаги қарорга келган эди. Иваново тергов изоляторида сақланаëтганлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан оғир жиноятлар - жиноий гуруҳлар фаолиятида иштирок этиш, экстремистик ҳаракатларга очиқча чақириш, террорчилик, қўпорувчилик, қотиллик, оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш ҳамда қурол-яроғ ва ўқ-дориларни ноқонуний қўлга киритишда айбланмоқда”, - деди Россия Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими Виктор Потапов.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Россиядаги вакиласи Алисон Гилл Иваново тергов изоляторида сақланаëтган ўзбекларнинг экстрадиция қилиниши тўхтатилганини олқишлади.

“Европанинг инсон ҳуқуқлари бўйича суди аралашганидан сўнг ўзбекларни экстрадиция қилиш тўхтатилгани бир қарашда ажабланарли кўринади. Чунки Россия расмийлари халқаро арбитраж аралашувисиз ҳам уларни экстрадиция қилиш ҳуқуқига эга эмас. Россиянинг халқаро жамоатчилик олдидаги мажбуриятлари бор”, - деди А.Гилл.

Унинг айтишича, Россия ҳукумати Ивановодаги ўзбекларни экстрадиция қилмаслиги учун тўлиқ мажбуриятга эга. Борди-ю, улар Тошент ихтиëрига топширилса, у ҳолда қийноққа солиниши мумкин.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Россия Бош прокуратурасининг бу қарори кутилмаган бўлди. Чунки ўтган ҳафтада Ўзбекистон Бош прокуратураси Россиянинг экстремистик ва террорчилик фаолияти олиб боришда айбланаётган 14 фуқарони ватанига қайтариб бериш тўғрисидаги қарорини қониқиш билан қабул қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова айни пайтда бу борада ҳеч қандай интервью бермаслигини билдирди.

Ивановода ҳибсга олинган ўзбеклар сони дастлаб 14 киши эди. Улар орасида Россиянинг миллати ўзбек фуқароси Ҳотам Ҳожиматов ҳам бор эди. Мамлакат расмийлари Ҳ.Ҳожиматовни зудлик билан Тошкентга топшириш мақсадида уни Россия фуқаролигидан маҳрум қилганди. Бироқ Ҳ.Ҳожиматов ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ëрдамида дастлаб Украинага, кейин эса Норвегияга жўнатилди.

Бошқаларнинг эса бошпана сўраб қилган мурожаатлари рад этилди. Гарчи БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан бу 13 шахсга қочқинлик мандати берилган бўлса-да, уларнинг Тошкентга экстрадиция қилиниши кутилаëтган эди.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ходими Бахром Ҳамроев Ивановодаги ўзбеклар экстрадициясининг тўхтатилгани барча ҳуқуқ ҳимоячилари учун яхши хабар бўлганини таъкидлади.

Айрим таҳлилчилар фикрича, Иваново ўзбеклари ишидаги янги бурилиш Кремл-Оқсарой муносабатларига ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Чунки Тошкент айбланувчиларни қўлга олиш билан, айтиш мумкин бўлса, “Андижон жараëнига” нуқта қўймоқчи эди. Москва эса иқтисодий манфаатлар йўлида Иваново тергов изоляторида сақланаëтган ўзбекларни топширишга тайëр эди.

Шу кеча-кундузда Сочида ўтаётган Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти саммитида Владимир Путин шахсан Ислом Каримовга бу ҳақда ахборот бериши режалаштирилгани айтилади.

Москвадаги сиëсий ахборот маркази директори Алексей Мухин “Иваново ўзбеклари” иши Россия-Ўзбекистон муносабатларига салбий таъсир кўрсатишига ишонмайди.

“Иваново ўзбеклари” масаласи негадир Россия-Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларга боғланган. Россия Бош прокуратураси президент Путин раҳбарлигида инсон ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган халқаро талабларни бажариб келмоқда. Ўзбекларни экстрадиция қилиш масаласи халқаро қонунчилик асосида олиб борилаëтган эди. Гарчи Тошкент ва Москва экстрадиция ҳақида келишиб олган бўлса-да, Страсбург судининг ушбу жараëнни тўхтатиши Россия Бош прокуратурасининг дунë жамоатчилигига қулоқ солаëтганини билдиради. “Шунинг учун бир нарсани иккинчи нарса билан аралаштириш мантиққа тўғри келмайди”, - деди А.Мухин.
XS
SM
MD
LG