Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:09

Қирғиз раҳбарининг сафарига қаттиқ тайёргарлик кўрилмоқда


Абдуллоҳ Эргаш Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиевнинг Ўзбекистонга расмий ташрифига тайёргарлик бошлаб юборилди. Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчиси таклиф қилиниб, расмий сафарда кун тартибига қўйилиши мумкин бўлган масалалар кўриб чиқилди.

Бу сафарга тайёргарлик жараёнини Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ҳам диққат билан кузатмоқда. Чунки бу сўнгги саккиз йил ичида Қирғизистон президентининг Тошкентга амалга оширадиган биринчи расмий сафаридир.

Қирғизистонлик сиёсатчилар фикрича, сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари ўта совуқлашган эди.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Роза Отунбоева икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг совуқлашувига бир қанча омиллар сабаб бўлганини айтади.

“Менимча, икки давлат раҳбарларининг шахсий муносабатлари жуда ёмон эди. Ўн йил мобайнида шахсий алоқаларнинг ёмонлиги мамлакатлар иқтисодига катта салбий таъсир кўрсатиб келди. Кўп соҳаларда Ўзбекистон билан шартномалар имзоланган бўлса-да, улар амалга оширилмади”, - деди Р.Отунбоева.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг совуқлашувига ижтимоий-сиёсий тузилманинг турли йўналишларда бўлгани ҳам таъсир кўрсатган.

2005 йил 24 март инқилобидан сўнг расмий Тошкент ва Бишкек муносабатларида туб ўзгаришлар содир бўлди. Расмий Тошкент Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев ҳокимиятини ағдарган инқилобчилар ҳукуматини биринчилардан тан олди ва ҳатто моддий-маънавий ёрдам ҳам кўрсатди. Инқилобнинг биринчи кунлариёқ Ўзбекистон Қирғизистонга олтмиш вагон инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бақиев оммавий чиқишларида бир неча бора: “Қирғизистон халқи номидан Ўзбекистон раҳбариятига раҳмат айтдим. Яна бир бора Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдираман”, - деб таъкидлаган эди.

Расмий хабарларга кўра, Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга бўладиган расмий ташрифидан кутилаётган натижалар жуда катта.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Тошкент сафарида охирги бир неча йиллардан бери муаммоли бўлиб келаётган масалалар кўтарилади ва аниқликлар киритилади.

“Тошкент учрашувида сув, чегара, виза тартибини бекор қилиш ёки енгиллаштириш каби масалалар муҳокама этилади”, - деди ташқи ишлар вазири ўринбосари Асқар Бешимов.

Унинг билдиришича, савдо соҳасида ҳам икки давлат ўртасида ўсиш кузатилмоқда. Лекин бу борада барча имкониятлар ишга солинмаган. Шунинг учун ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилади.

24 август куни куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Тошкентга жўнаб кетади ва у ерда президентлар учрашуви кун тартиби келишиб олинади.
XS
SM
MD
LG