Линклар

Ливанда кенг кўламли қайта тиклаш ишлари бошланиш арафасида

  • Ҳасанжон

БМТ икки ҳафта ичида Ливан жанубига 3,5 минг аскардан иборат халқаро тинчликпарвар кучлар жойлаштирилиши мумкинлигини билдирди. Исроил армияси ва “Ҳизбаллоҳ” эса ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга риоя қилмоқда.

Ливаннинг жанубий минтақалари ҳамда Байрут ташқарисидаги Исроил авиацияси бомбардимон қилган туманларга минглаб аҳоли секин-аста қайта бошлади. Ливан ҳукумати эса бир ой давом этган уруш ҳаракатларидан кўрилган зарар ҳажмини аниқлашга киришди.

Ливаннинг тараққиёт ва қайта қуриш ишлари мутасаддиси Фадл Шалак 16 август куни уруш ҳаракатлари оқибатида Ливанга 3,5 миллиард доллар ҳажмида зарар етганини билдирди. Унинг айтишича, уйлар вайрон бўлишидан мамлакатга икки миллиард, кўприклар, йўллар, электр станциялари каби инфратузилмалар бузилгани оқибатида 1,5 миллиард доллар зарар етган. Ф.Шалак хусусий ширкатлар ва тижоратчиларга қанча зарар етгани ҳозирча аниқ эмаслигини таъкидлади.

Дастлабки маълумотларга кўра, бир ойлик уруш давомида Ливандаги 100 та кўча ва 70 та кўприкка зарар етган. Қанча турар-жой биноси вайрон бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Бироқ “Ҳизбаллоҳ” 15 минг уй вайрон бўлгани ва ундан ҳам кўп уйга зарар етганини айтмоқда.

Байрутдаги “Дорул ҳаёт” газетаси муҳаррири Зуҳир Ксейбати сўзларига кўра, “Ҳизбаллоҳ” урушдан кўрилган зарарни аниқлаш, йўлларни тозалаш, уйлари бузилган одамларга янги ёки вақтинчалик уй топиб беришга киришган.

“Ҳизбаллоҳ” раҳбари шайх Ҳасан Насруллоҳ телевидение орқали қилган чиқишида уйлари бузилган одамларга зудлик билан товон пули тўланишини ваъда қилди.

Ливан ҳукумати қайта қуриш ишларини бошлаб юборди. Бироқ З.Ксебатининг таъкидлашича, Эрон ва Суриядаги шиалар томонидан маблағ билан таъминланаётган “Ҳизбаллоҳ” қайта қуриш ишларида Ливан ҳукумати билан рақобатлашмоқда.

“Ҳозирча кўп нарса аниқ эмас. Аммо “Ҳизбаллоҳ” раҳбари Насруллоҳ ўз гуруҳи бузилган уйларни ҳукумат қайта қуриб беришини кутиб ўтирмаслигини айтди. Улар ҳукумат қачон иш бошлашини кутиб турмаслиги аниқ”, – деди ливанлик журналист.

Айни пайтда З.Ксебати қайта қуриш ишларида “Ҳизбаллоҳ”нинг қўли баланд келяпти, дейишга ҳали эрталигини билдирди.

“Ҳизбаллоҳ” раҳбарларидан бири Набил Кавук ўз гуруҳи урушда ғалаба қозонганини таъкидлаб, қайта тиклаш ишлари бошланишини айтди.

“Душманни мағлубиятга учратиб, биз ғалабага эришдик. Ҳасан Насруллоҳ чақириғига жавобан биз ғалаба қозонганимизни эълон қиламиз ва Исроил босқинидан кейин қайта тиклаш ишарини бошлаймиз”, - деди “Ҳизбаллоҳ” вакили.

Швеция ҳукумати 31 август куни Ливанга гуманитар ёрдам кўрсатиш масаласига бағишланган халқаро анжуманга мезбон бўлишини эълон қилди.
Стокгольмда ўтадиган анжуманга 60 дан ортиқ давлат расмийлари таклиф этилган.

20 август куни эса Араб лигаси бош қароргоҳи жойлашган Мисрнинг Қоҳира шаҳрида араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашиб, Ливанни қайта тиклашда ёрдам беришга бағишланган саммитни ташкил этиш масаласини муҳокама қилиши режалаштирилган.

Франция ташқи ишлар вазири Филип Дуст-Блази Байрутга сафар қилмоқда. 16 август куни Дуст-Блази Исроилни Ливанга қарши жорий этган чекловни бекор қилишга чақирди.

“Ливанга нисбатан жорий этилган денгиз ва ҳаво қатнови қамалининг бекор қилиниши мамлакатни қайта тиклаш ва иқтисодиётни оёққа турғазишда ўта муҳим аҳамиятга эга”, – деди Франция ташқи ишлар вазири.

Дуст-Блази Ливан расмийлари билан мамлакат жанубига Франция ҳарбийларини жойлаштириш масаласини муҳокама қилмоқда. Исроил ва “Ҳизбаллоҳ” ўртасидаги урушга чек қўйган БМТ Хавфсизлик кенгаши қарорига кўра, Ливан жанубига 15 минг ливанлик ҳарбий жойлаштирилади. Исроил армияси қисмлари эса мамлакатдан олиб чиқилади.
XS
SM
MD
LG