Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:55

Ливан жанубига ҳукумат қўшинлари жойлаштирилмоқда


Исроил армияси ва “Хизбуллоҳ” партизанлари ўртасидаги урушни қарийб бир ой давом этди. Ушбу ҳарбий ҳаракатларни тўхтатган БМТ резолюциясига мувофиқ 17 август куни Ливан армияси аскарларини мамлакат жанубига жойлаштириш ҳаракати бошланди. Чоршанба куни Ливан кабинети Исроил билан чегарадош минтақага 15 минг қўшин жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилган эди. Айни пайтда, Исроил уруш пайтида босиб олинган Ливан ҳудудидаги Исроил қўшинларининг учдан икки қисми олиб чиқилиб, минтақа назорати БМТ тинчликпарвар кучларига топширилганини билдирди.

БМТнинг “Ўт очишни тўхтатиш” ҳақидаги келишувига мувофиқ Ливан армияси қисмлари ўз танклари, зирҳли машиналари ва бошқа ҳарбий техникаси билан бирга мамлакатнинг жанубий минтақасига жойлаштирила бошланди. Ливан байроғи остида ҳаракат қилаётган ҳарбий колонна 17 август куни эрталаб стратегик аҳамиятга эга бўлган Литани дарёсини кесиб ўтди.

Ливан кабинети Исроил билан чегарадош минтақага 15 минг қўшин жойлаштириш ҳақидаги таклифни чоршанба куни мақуллаган эди. Бу Исроил ҳукуматининг “Хизбуллоҳ” жанггариларини мамлакатнинг шимолий ҳудудларидан узоқлаштириш ҳақидаги талабига тўлиқ жавоб беради. Бироқ “Хизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш ҳозирча муаммо бўлиб қолмоқда.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Марк Регев Исроил БМТ резолюцияси талабларини бажараётганини айтиб, Ливан ҳам ўз мажбуриятини бажаришига умид билдирди:

“Исроил БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган 1701 рақамли резолюция доирасида эришилган қарама-қаршиликни тўхтатиш ҳақидаги келишувга мувофиқ ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаради. Биз Ливан ҳукумати ҳам ўз зиммасига олган мажбуриятни бажаради, деган умиддамиз. Ливан ҳукумати мамлакат жанубига ўз қўшинларини жойлаштириб, мазкур минтақада “Хизбуллоҳ”сиз зона ташкил этиши керак. Бу резолюцияда кўзда тутилган ва биз шу мажбурият бажарилишини кутяпмиз”, – деди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили.

Исроил армияси Ливан жанубидаги ҳудудлар назоратини 17 август эрталаб БМТнинг халқаро тинчликпарвар кучларига топшира бошлади. Ҳарбийларга кўра, Исроил армияси босиб олган Ливан ҳудудининг учдан икки қисми назоратини халқаро кучларга топширган.

БМТ резолюциясига мувофиқ Ливан ҳукумати мамлакат жанубига БМТ каби 15 минг аскар жойлаштириши керак. Бу кучлар Исроил чегараси ва Литани дарёси ўртасидаги 30 километрлик ҳудудни назорат қилиши лозим.

Айни пайтда, Франция Ливан жанубига жойлаштирилиши кўзда тутилган халқаро кучларга етакчилик қилишни хоҳлаётган кўринади. Франция телевидениеси орқали чиқиш қилган мамлакат Мудофаа вазири Мишел Аллиот-Мари хоним Европа ва мусулмон давлатлари Ливан жанубига ўз қўшинларини жўнатишига умид билдирди:

“Ливандаги халқаро тинчликпарвар кучлар сафига Европадан имкон қадар кўп давлат ўз қўшинини жўнатиши жуда муҳим. Мусулмон давлатлар ҳам имкон қадар кўп куч жўнатса, мақсадга мувофиқ бўлади”, – деди Франция Мудофаа вазири.

БМТ расмийлари Ливандаги тинчликпарвар кучлар сафига 10 – 15 кун ичида яна уч ярим минг аскар қўшилишига умид қилмоқда. Италия ҳукумати Ливан жанубига ўзининг уч минг аскарини жўнатишга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, Рим расмийлари БМТ халқаро тинчликпарвар кучлар мандати аниқ бўлиши кераклигини айтмоқда. Ливандаги БМТ кучлари қўмондони, Франция армияси генерали Алан Пеллегрини БМТ кучларининг янги миссияси ҳақида бундай деди:

“Дастлабки вазифа Ливан жанубида ҳукумат ўз назоратини ўрнатишига ёрдам беришдан иборат. Кейинги вазифа эса БМТ резолюциясида назарда тутилган, Ливан жанубида қуролсиз зона яратиш талабини бажаришдан иборат”, – деди Франция армияси генерали Алан Пеллегрини.
XS
SM
MD
LG