Линклар

logo-print

Ўзбекистон қўшнилари билан чегараларни очишга шошаётгани йўқ

  • Барно Анвар

Ўзбекистон парламентининг Қонунчилик палатаси мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕИҲ) аъзо бўлишига доир баъзи ҳужжатларни кўриб чиқди ва маъқуллади.

Ўзбекистон ҳукуматига мойил саналган “Press-uz.info” сайтининг ёзишича, ёзги таътилдан дам олиб қайтган депутатлар бир неча муҳим ҳужжатни бир ўтиришда муҳокама қилиб битирган. Жумладан, 2001 йил 31 майда Минскда имзоланган Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти имтиёз ва иммунитетлари тўғрисидаги конвенцияга, шунингдек, 1999 йил февралда Москвада имзоланган божхона иттифоқи, ягона иқтисодий макон ҳамда ҳамжамиятга аъзо давлатлар чегараларини қўриқлаш ва бу борада ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимларга Ўзбекистоннинг ҳам қўшилиши тўғрисидаги қонун лойиҳалари бир ўқишда қабул қилинган.

Ўзбекистон ЕИҲга қўшилгандан буён божхона иттифоқи ва ягона иқтисодий макон тўғрисидаги келишувларга қўшилишни пайсалга солиб келаётган эди. Қуйи палата бу келишувларни маъқуллагани мамлакат раҳбарияти бу борада бир қарорга келганидан дарак беради. Аммо парламент муҳокама қилган ва маъқуллаган ҳужжатлар орасида Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари Тожикистон ва Қирғизистон билан виза тизимини бекор қилишига оид ҳужжат йўқ. Яъни Ўзбекистон ҳукумати ҳануз чегарани очиш ниятида эмас.

Бироқ баъзи келишувларнинг маъқулланиши бу ҳужжатларнинг айрим шартларинигина бажариш истаги ҳам туғилганидан дарак эмас кўринади.
Ҳар ҳолда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг Сочидаги норасмий учрашувида сўзлаган Ўзбекистон президенти шунга очиқ ишора қилиб ўтди.

“Ҳаммамизнинг қачон тайёргарлик кўришимиз ва биргаликда божхона иттифоқини ташкил этишимизни кутиш, менимча, мантиқий ечим эмас. Шу маънодаки, биз ишонч билдирган уч мамлакат бу иттифоқни тузади ва улар бошқа давлатлардан кўра тезроқ ҳаракат қилади. Яна такрор айтаман, бу масалада ўзаро жиддий келишмовчиликларимиз йўқ”, - деди Ислом Каримов.

Хуллас, Ўзбекистон раҳбари ЕИҲ ҳужжатларининг аксариятига қўшилиш учун аввалига бир йил муддат сўраган бўлса, энди божхона иттифоқи ва ягона иқтисодий макон борасидаги келишувларни бажаришни номаълум муддатга кечиктирмоқда.

Бироқ Ўзбекистон ҳукуматини куйинтирмаётган бу масала мамлакатнинг ён қўшнилари билан чегараларида яшаётган аҳолини энг тўғри маънода куйинтиряпти.

Ўзбекистоннинг қўшни Қирғизистон билан чегарасида истиқомат қилаётган ва кўпроқ айнан чегарадаги низолар билан шуғулланаётган “Воздух” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаров “симтўсиқлар билан ўралган чегаралар ва ўрнатилган виза тартиби ҳукуматлар айтаётган хавфсизлик чора-тадбирлари эмас, балки икки давлат ҳуқуқ-тартибот органларининг чўнтаклари учун хизмат қилаётгани”ни таъкидлади.

Фарғоналик Абдусалом Эргашев сўзларига кўра, Ўзбекистон бу ташкилотга аъзо бўлганда чегаралар очилишига туғилган умидлар пучга чиқиб бўлган ва ҳозир ўзбекистонликларнинг аксариятида чегаралар яқин пайтларда очилишига ишонч қолмаган ҳисоб.

“Ўзбекистон бу ташкилотга аъзо бўлганда чегаралар очилармикин, борди-келди енгиллашармикин, деган умид туғилган эди. Бироқ бу умидлар пучга чиқди. Ҳар хил иттифоқлар тузилиб, ҳужжатлар қабул қилингани сари муносабатлар баттар оғирлашяпти. Биргина Шоҳимардонга кираверишдаги 8 километрлик йўлда 10 тадан ортиқ пост бор. Ўзбекистон олдин июлгача муддат сўради, энди эса буни яна чўзяпти. Ҳали-бери чегара очилишига ишончим йўқ”, - дейди А.Эргашев.

У чегараларни очмасликда ҳеч бир мантиқий асос йўқлиги, бу Ўзбекистон раҳбарининг “асоссиз ваҳимасига қурилган қўрғон” эканини таъкидлади.

Шу тариқа, узоқ йиллар давомида қўни-қўшни яшаб, борди-келдиси қуюқ бўлган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон аҳолисини қийнаб келаётган ва ҳатто Сочидаги сўнгги учрашувда Тожикистон раҳбарини ҳам куйинтирган масала Ўзбекистон раҳбариятини куйинтирмаяпти. Боиси, Тожикистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти доирасида ягона иқтисодий маконга бирлашиш шартларини тўлиқ бажариб боряпти. Буни Сочидаги учрашув чоғида ҳамжамиятга аъзо мамлакатлар раҳбарлари, хусусан, ягона иқтисодий маконга бирлашишга қарор қилган Россия, Қозоғистон ва Беларус етакчилари ҳам эътироф этди. Аммо Тожикистон бу иттифоққа бирлаша олмайди, чунки унга бирлашаётган мамлакатлар билан умумий чегараси йўқ. Ўртада Ўзбекистон бор.

“Афсуски, биз бевосита чегарага эга эмасмиз. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти раиси ҳам учрашув вақтида алоҳида таъкидлаб ўтди. Бироқ энди умид қиламизки, ҳурматли қўшниларимиз - Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари кейинги йилнинг октябрь ойигача ўз қонун ҳужжатларини унификация қилиш ва Евроосий иқтисодий ҳамжамияти доирасидаги интеграция жараёнларини тезлаштиради”, - деди Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмонов Сочи учрашувида.

Аммо, аксар таҳлилчилар фикрича, бу умидларнинг оқланиши фақатгина Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг сиёсий иродасига боғлиқдир.
XS
SM
MD
LG