Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:41

“Дайди ўғилнинг қайтиши”ми?


Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар раҳбарларининг Сочидаги учрашувида Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қўшилиши ҳақидаги ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакатининг КХШТга қўшилиши катта воқеа эканини айтди ва келажакда бу ташкилот Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти билан бирлаштирилишига умид билдирди.

Ўзбекистоннинг КХШТга қўшилиши ва Тошкент раҳбарининг бундай баёноти маҳаллий ва хорижлик кузатувчилар назаридан четда қолгани йўқ.

Лондондаги Қироллик институти таҳлилчиси Юрий Фёдоров фикрича, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти рамзий ташкилот бўлгани каби унга Ўзбекистоннинг қўшилиши ҳам рамзий хусусиятга эга.

“Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти рамзий бир ташкилотдир. Шу боис, бу ташкилотга қўшилиб Тошкент ўз сиёсий амбицияларини қондиришдан бошқа нарсага эришгани йўқ. Россияга келсак, бу мамлакат раҳбарияти Американинг Марказий Осиёдаги ҳарбий иштирокини чеклаш борасида бош қотирмоқда. Лекин бошқа томондан Москва Ўзбекистондаги сиёсий барқарорлик учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр, деб ўйламайман. Қолаверса, Россия буни қандай амалга ошириши ҳам савол остида”, - деди Ю.Фёдоров.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг КХШТга қўшилиши мамлакатида рангли инқилоб рўй бериши мумкинлигидан чўчиётган И.Каримовнинг Россия билан яқинлашиш хоҳиши билан боғлиқ. Андижондаги 13 май воқеаларидан кейин Ўзбекистон ташқи сиёсатини кескин ўзгартирди, Ўзбекистон-АҚШ муносабатларида совуқлик кузатилди, Тошкент раҳбари Хонободдан Америка базасини ҳайдади.

“Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги бу бурилиш Тошкентнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайтиши билан мантиқий якунига етди. Амалий жиҳатдан бу Тошкент ёки Москва учун нимани англатади? Буни тасаввур қилиш қийин. Чунки Тошкент учун, Каримов режими учун асосий хавф ташқи таҳдид эмас, балки мамлакатда кучайиб бораётган мухолифатнинг эҳтимолий чиқишлари ва режимнинг тобора заифлашиб бораётганидир. Ҳозир таҳлилчиларни Ўзбекистондаги ҳозирги ҳокимият бошқа шахс қўлига ўтса нима бўлади, деган савол кўпроқ ўйлантирмоқда”, - дейди Ю.Фёдоров.

Москвадаги МДҲ институти раҳбари ўринбосари Михаил Александров ҳам Ўзбекистон раҳбарининг КХШТга қўшилиш истагини Андижон воқеалари билан боғлайди.

“Ўзбекистон ўз суверенитети кафолати Россия эканини тушунди. Чунки биз Ғарбнинг қудратли давлатлари тарафидан қўллаб-қувватланган рангли инқилобларга уринишларни кўрдик. Бундай вазиятда суверенитетни йўқотиб қўйиш мумкинлигини Каримов тушунди ва ички ишларига аралашмайдиган давлатдан ёрдам истади. Россия Ўзбекистон ички ишига аралашмайди. Каримовни эса бу қониқтиради ва у Москва билан фаол ҳамкорлик қилмоқда ҳозир”, - деди М.Александров.

Ўзбекистоннинг КХШТга қайтиши билан бу мамлакатда Россия ҳарбий базалари пайдо бўлиши мумкинми?

Лондондаги Қироллик институти таҳлилчиси Юрий Фёдоров шундай ниятлар йўқ эмаслигини таъкидлади.

“Лекин буни амалга ошириш бошқа гап. Чунки Россия аллақачон Қирғизистонда ҳаво базасига эга. Лекин яна бир самолётни янги база учун топиш осон эмас. Тушунишимча, Россия ҳозир Қирғизистондаги Қант базасини кучайтирмоқчи. Агар Россия Хонобод базасидан ҳам фойдаланмоқчи бўлса, бунинг учун ўнлаб, балки ундан ҳам кўп самолёт керак бўлади. Уларни топиш, жойлаштириш эса катта харажат, бу осон эмас”, - деди Ю.Фёдоров.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети профессори Раҳмон Фармоновнинг айтишича, Ўзбекистон аслида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқмаган, балки бу ташкилот доирасида фаолиятини тўхтатган эди, холос.

Шунингдек, Р.Фармонов фикрича, Ўзбекистоннинг КХШТга қайтиши Тошкентнинг Ғарбдан узоқлашишини ҳам англатмайди.
XS
SM
MD
LG