Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:31

Ливанга қўшин жўнатмоқчи бўлган давлатлар сони кўпаймоқда


БМТ резолюциясига мувофиқ Ливан жанубига жойлаштириши керак бўлган халқаро тинчликпарвар кучлар сафига қўшин жўнатишни истаётган давлат сони кўпайиб бормоқда.

18 августга қадар саккиз давлат, жумладан, Бангладеш, Индонезия, Малайзия ва Непал ҳукуматлари Ливанга битта ёки иккита батальондан иборат ҳарбийларини жўнатишга тайёрлигини билдирди. Ҳар бир батальонда 500 аскар борлиги ҳисобга олинса, БМТнинг халқаро тинчликпарвар кучлари сони тез суръатда кўпайиб бораётгани маълум бўлади. Бу эса Ливан армияси қисмларини мамлакат жанубига жойлаштириш, айни пайтда мамлакатга бостириб кирган Исроил қўшинларини Ливандан олиб чиқиш жараёнини тезлатади.

Бироқ Исроилнинг БМТдаги элчиси Дан Гиллерман Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатмаган Индонезия ва Малайзия каби давлатлар ўз ҳарбийларини Ливан жанубига жойлаштиришига Исроил қарши эканини айтди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 11 август куни қабул қилган резолюцияда Ливан жанубига бу мамлакатнинг 15 минг аскардан иборат қўшини ва БМТнинг шунча ҳарбийдан иборат тинчликпарвар кучлари жойлаштирилиши кўзда тутилган. Улар Исроил босиб олган ҳудудларни ўз назоратига олади.

БМТ тинчликпарвар кучлари мандати эса ҳозиргача аниқ эмас. Кўп давлатлар бу масалага ойдинлик киритилишини сўрамоқда. Шунга қарамай, Европанинг етакчи давлатлари тинчликпарвар кучлар сафига ўз ҳарбийларини жўнатишга ваъда берди. Франция ҳукумати Ливанга дарҳол 200 аскар жўнатишини маълум қилди. Бу аввал кутилганидан анча кам экани айтилмоқда.

БМТ бош котиби ўринбосари Марк Маллок Браун: “Биз Франция Ливан жанубига кўп сонли ҳарбий куч жўнатишига умид қилган эдик. Биз буни сир тутаётганимиз йўқ. Шунга қарамай, биз Франция ўз ҳарбийларини Ливанга жўнатаётганидан хурсандмиз”, – деди.

Франция мудофа вазири Мишел Аллиолт-Мари хоним “Франс-2” телеканали мухбири билан суҳбатда БМТнинг халқаро тинчликпарвар кучлари мандати ва таркиби аниқ эмаслигидан ташвишда эканини билдирди.

“Вазифаси аниқ бўлмаган, таъминот ресурслари ўзига яраша белгиланмаган ҳолда кўп сонли қўшинни жўнатиш фожеа, жумладан, ўша ердаги аскарларимиз учун ҳам фожеа билан тугаши мумкин”, – деди Франция мудофаа вазири.

БМТда ўтган дипломатик музокаралардан сўнг Марк Маллок Браун мухбирларга ҳали кўп иш қилиниши кераклигини, айни пайтда халқаро тинчликпарвар кучларни тузиш ишлари бошлаб юборилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирга қадар 49 давлат Ливанга ўз ҳарбийларини жўнатиш истагини билдирган.

“Биз жуда кўп миллатдан иборат кучли халқаро тинчликпарвар куч тузишга асос яратдик. Улар ўз зиммасига юклатилган вазифани яхши бажара олишига ишонамиз”, – деди БМТ бош котиби ўринбосари.

Шунингдек, Рим расмийлари ҳам Ливан жанубидаги буфер зонага қўшин жўнатишини маълум қилди. БМТнинг Ливан жанубига жойлаштириладиган 15 минг аскардан иборат тинчликпарвар кучлари Ливан ҳарбийлари билан бирга иш олиб боради. 17 август куни Ливан армияси сўнгги ўн йилликлар давомида мамлакат жанубий минтақасини биринчи марта ўз назоратига олди.
XS
SM
MD
LG