Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:18

Хорижий меҳмонлар кўз олдидаги “ишора”


Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроев хорижий меҳмонлар кўз ўнгида калтакланди.

Маълум бўлишича, Б.Ҳамроев ва оиласига бўлаётган тазйиқларни ўрганиш мақсадида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари унинг уйига келган.

“18 август куни эрталабки соат 11 учрашув бошланди ва энди суҳбат бошланган вақтда 5-6 аёл уйимга ёпирилиб кириб, тўполон бошлади. Мени ҳақорат қилишди, сен террорчисан, шпионсан, уйингда ҳам шпионлар йиғилган, сен яна битта Андижонни уюштирмоқчимисан, биз сени Жиззахдан қувиб чиқамиз, деган сўзлар билан ҳақорат қилишди. Уларни уйдан чиқаришга ҳаракат қилган вақтимда эса менга ва хотинимга ёпишиб кетишди. Ўғлимни ҳам калтаклашди. Бошимга бир темир билан уришди, бошим 3 сантим ёрилди. Ҳаммаёқ қон, кейин милиция чақиришга мажбур бўлдим. Уйимдаги меҳмонлар эса қотиб қолди. Элчихонанинг биринчи даражали маслаҳатчиси ва матбуот котиби келган ва яна мустақил журналистлар бор эди. Жуда катта жанжал бўлди. Милиция эса деярли ҳеч нарса қилмади”, - дейди Б.Ҳамроев воқеа ҳақида гапириб.

Унинг сўзларига кўра, шифохонага борганида аҳволи яхшилигини айтишиб, унга унча эътибор қаратишмаган. Шифохонага ётишига очиқча рад жавоби берилган.

“Аҳволим оғир ва ҳақиқатда ҳам ҳозир шифохонага ётишим керак. Чунки бир қулоғим эшитмаяпти. Бошим эса ёрилиб кетгудай даражада оғрияпти. Ишончим комил, менга тиббий ёрдам кўрсатмаслик ҳақида тепадан кўрсатма бўлган. Булар менинг ҳам мамлакатдан чиқиб кетишимни хоҳлашяпти. Шунга ишора бу. Аммо мен кетмайман. Бу юртимни ташлаб ҳеч қаерга кетмайман. Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари оддий одамларга ёрдам беришда давом этади. Мен ишимни тўхтатмайман”, - деди Б.Ҳамроев.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, жанжал ўтгандан кейин Жиззах вилояти маҳаллий ҳукуматининг бир гуруҳ собиқ амалдорлари тасодифан кириб қолдик, деган важ билан келиб, Буюк Британия элчихонаси вакиллари билан суҳбатлашишга уринган. Аммо элчихона вакиллари ҳар қандай мулоқотни рад этган. Аммо уларнинг Жиззахдан чиқиб кетиши ҳам хавф остида қолган. Элчихона вакиллари милиционерлар қуршови остида шаҳардан Тошкентга кузатиб юборилган.

Етакчисиз қолган, яъни раиси мамлакатни тарк этишга мажбур қилинган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти вакилларига шу тариқа тазйиқлар давом этмоқда. Хусусан, айни пайтда Б.Ҳамроевнинг ўғли ҳам вилоят ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, безориликда айбланаётган Ихтиёр Ҳамроев устидан суд келгуси ҳафтага белгиланган.
XS
SM
MD
LG