Линклар

logo-print

Жаслиқда янги қамоқхона қуриляпти

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган ишларнинг асосий қисмини Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳамкорликда ташкил этган ишчи гуруҳ бажармоқда.

Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарини ифодалайдиган “Пресс-уз.инфо” сайти тарқатган маълумотларга кўра, мамлакатда ўлим жазосини умрбод ёхуд узоқ муддатли қамоқ жазосига алмаштириш бўйича ишлар шу гуруҳ зиммасига юклатилган. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги расмийлари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар учун Қорақалпоғистоннинг Жаслиқ посёлкасида шу йилнинг июль ойидан махсус қамоқхона қурилиши бошланганини ҳам тасдиқлаган. Бу қамоқхона келаси йил охиригача, яъни Ўзбекистон президентининг мамлакатда ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги фармони кучга киргунга қадар фойдаланишга топширилиши керак.

Президентнинг бу фармонида Ўзбекистонда 2008 йил 1 январдан эътиборан ўлим жазоси бекор қилиниши ва у умрбод ёки узоқ муддатли қамоқ жазоси билан алмаштирилиши кўзда тутилган. Ҳозир Адлия вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси биргаликда президент фармонини амалга ошириш, жумладан, Жиноят кодексидан ўлим жазоси қўлланилишини кўзда тутувчи моддаларни олиб ташлаш бўйича ишларни бажармоқда.

Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикунова ҳукуматнинг ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган ҳаракатларини ижобий баҳолайди.

“Президент фармонидан кейин иш режага мувофиқ олиб бориляпти ва бу ҳаммани рағбатлантиряпти. Яъни бу ишлар президент фармони шунчаки қоғоздаги ҳужжат эмаслиги, унинг амалда тасдиғини топаётганини кўрсатади. Умид қиламизки, 2008 йил 1 январдан Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинади”, - деди Т.Чикунова.

Халқаро ташкилотлар, жумладан, “Халқаро амнистия” Ўзбекистон раҳбариятидан жазонинг бу турини бекор қилиш учун 2008 йилни кутиб ўтирмай, унга дарҳол мораторий эълон қилишни сўраб келмоқда. Улар токи ўлим жазоси бекор қилингунча, кўпгина маҳбуслар қатл этилиши мумкинлигидан хавотир билдираётир.

Т.Чикунова ҳам бу хавотирларга қўшилади.

“Мен ҳам ўз хавортиримни билдираман. Чунки Ўзбекистонда ҳозир ҳам ўлим ҳукми чиқарилмоқда ва ўлимга маҳкум этилганлар ҳаёти хавф остида. Уларга белгиланган жазо тури президент фармони кучга киргунга қадар ижро этилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Зеро, бу ҳужжатда фармон кучга киргунга қадар ўлимга ҳукм қилинганларга тааллуқли эмаслиги айтилган”, - дейди Т.Чикунова.

Ўзбекистонлик журналист, мамлакат қамоқхоналаридаги вазият ҳақида бир неча мақолалар эълон қилган Тўлқин Қораев фикрича, умрбод озодликдан маҳрум этилганлар учун махсус қамоқхона қурилаётгани ҳукуматнинг юмшоқ кўнгил, инсонпарвар экани белгиси эмас.

“Фикримча, Ислом Каримов ҳукумати 2008 йилдан бошлаб ўзгача кўз қарашда бўлганларни ўша қамоқхонага ташлаб, ўша ерда ўлдириб юбормоқчи. Чунки у ер бир умр қамоқ жазосига тортилганлар учун қуриляпти”, - деди Т.Қораев.

Айни пайтда ҳам Жаслиқда бир қамоқхона бор. Асосан диний ва сиёсий айблар учун қамалганлар сақланадиган бу қамоқхона “Борса келмас” номини олган. Чунки у ўта қаттиқ тартиби билан машҳур ва бу ердан тарик қайтиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Бу қамоқхона собиқ иттифоқнинг биологик ва кимёвий қуроллар синовдан ўтказиладиган собиқ ҳарбий объекти биносида жойлашган. Бу жойнинг ўта ёмон иқлими маҳбусларнинг сил ёки бошқа касалликларга чалинишига сабаб бўлади. Ёз кунлари ҳаво ҳарорати бу ҳудудда 46 даражагача етади, қиш мавсуми эса минус 30 даражагача совуйди. Маҳбуслар Жаслиқда доимий таҳқирлаш ва зўравонликлар объекти бўлиши айтилади.

“Агар маҳбуслар қатлдан ўлмаса, Жаслиқаги даҳшатли шароитлардан нобуд бўлиши мумкин. Қаршидаги “Паҳлавон” қурилиш ширкати ҳукумат билан тузган шартномага мувофиқ янги қамоқхонанинг атрофини 25 километр узунликдаги девор билан ўраб чиқяпти. Энди қамоқхона қанча майдонни эгаллашини тасаввур қилиб кўринг. Бу ўлим жазосини бекор қилиш эмас, балки уни бошқа бир кўринишда амалга оширишдир. Ўзбекистон қийноқлар билан машҳур. Масалан, Жаслиқдаги қамоқхонада икки маҳбусни тириклайин қайнатиб ўлдириш ҳолати бўлди. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, янги қамоқхонада ҳам маҳбуслар шу тарзда ўлдирилади”, - дейди Т.Қораев.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен 2002 йил кузда Жаслиқни келиб кўргач, уни зудликда ёпишни тавсия қилган эди. Аммо бу тавсия ҳалигача қабул қилингани йўқ. Аксинча, бу ерда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар учун янги муассаса қад кўтармоқда.
XS
SM
MD
LG