Линклар

“Хондиза” атрофидаги можаролар

  • Озодлик

Ўзбекистон ҳукумати “Хондиза” конини ўзлаштириш учун Буюк Британиянинг “Oxus Gold” ширкатига берилган рухсатни бекор қилгани тўғрисидаги хабарни мазкур ширкат вакиллари тасдиқламаётир.

“Uzreport.com” сайти хабарига кўра, мазкур конни ўзлаштириш ҳуқуқи Олмалиқ кон-металлургия комбинатига берилган. Мазкур комбинат таркибида “Хондиза” ва “Учқулоч” конларини ўзлаштириш билан шуғулланувчи махсус бўлинма ташкил этилиши тахмин қилинмоқда. Бу лойиҳада хорижий компаниянинг иштирок этиши кўзда тутилмаган.

Комбинатнинг ўзини Лилия деб таништирган ходимаси “Хондиза” конини ишлатиш ҳуқуқи Марказий Осиëдаги рангли металлар ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинатига берилганини тасдиқлади.

2002 йилда “Oxus Gold” компаниясига “Хондиза” полиметалл рудалари конини ишга тушириш ҳуқуқи берилган эди. “Oxus” кон бўйича лойиҳани амалга ошириш учун устав капиталининг 81,6 фоизи ўзига тегишли бўлган “Marakand Minerals” компаниясини рўйхатга олганди.

Ҳозирги вақтга қадар “Marakand Minerals” Лондон фонд биржасининг алтернатив сармоя бозорида бу лойиҳани амалга ошириш учун тахминан 8 миллион доллар жалб этган эди.

“Oxus Gold” компанияси ходими Айрон Кейтс “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон ҳукуматининг “Хондиза” конини ўзлаштириш бўйича “Oxus Gold”га берилган рухсатни бекор қилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқламади.

“Чунки бизнинг компанияга бундай рухсат берилмаган. Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилда “Хондиза” конида тадқиқот ўтказиш учун “Oxus Gold”га қарашли “Marakand Minerals” ширкатига рухсат берган эди. Ўшанда ширкат жойларни ўрганиб, келгуси тадқиқот лойиҳаларини ҳам ишлаб чиқишга киришган эди. “Marakand Minerals”нинг фаолияти бундан нарига ўтмаганди. Ҳозирга қадар “Хондиза” кони учун Ўзбекистон Давлат геология қўмитаси жавобгар эди. Энди эса ҳукумат бу масъулиятни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига топширди. Бу ҳар бир давлатда амалга ошириладиган нормал жараëн. Олмалиқ кон-металлургия комбинати “Marakand Minerals” билан қўшма корхона очадими-йўқми, бу савол остида қолмоқда. “Marakand Minerals” ҳозир шу масала устида иш олиб боряпти”, - деди Айрон Кейтс.

2006 йил охирига қадар “Marakand Minerals Ltd” лойиҳани амалга ошириш учун “Хондиза”да рангли металларни тадқиқ қилиш, қазиб олиш ва қайта ишлашни кўзда тутувчи умумий қиймати 71 миллион доллар бўлган қўшма корхона ташкил этишни режалаштираётганди. 2007 йил охири ва 2008 йил бошидан дастлабки маҳсулотни ишлаб чиқариш кўзланаётганди.

“Хондиза” кони 14,4 миллион тонна рангли металл рудалари захирасига эга. Бир тонна руда таркибида 7,24 грамм рух, 3,5 грамм олтингугурт, 0,86 грамм мис ва 0,36 грамм олтин, катта миқдорда кумуш мавжуд.

Иқтисодчи профессор Баҳодир Баҳриддинов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Тошкент ҳукуматининг Ўзбекистон иқтисоди ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келган кўплаб хорижий ширкатларга нега бундай муносабатда бўлаётгани сабабларини тушунтириб беришга ҳаракат қилди.

“Шарқ давлатларининг бугунги кунда геология, енгил саноат, кон саноатини ривожлантиришга қўшаëтган ҳиссалари кучайиб бормоқда. Жанубий Корея, Хитой ва Россия сармояси Ўзбекистонга кириб келаëтганини айтиш мумкин. Бу Ғарб давлатларининг Ўзбекистондаги фаолияти камайди, дегани эмас. Аммо Шарқ давлатларида бу соҳаларда қўлланиладиган технологиялар ривожланиб бормоқда”, - дейди профессор.

Б.Баҳриддинов баъзи кузатувчиларнинг Ўзбекистон Ғарб давлатлари ширкатларини мамлакатдан чиқариб, ўрнига Россия компанияларини киритишни кўзлаётгани ҳақидаги фикрларига ҳам қўшилгандек бўлди.

“Бу фикрлар ҳақиқатга тўғри бўлиши мумкин. Лекин президент ҳузурида Стратегик тадқиқотлар маркази мавжуд. Улар шу масалаларнинг ҳаммасини кўриб чиқяпти. Қайси йўналишдан кўпроқ фойда келади, Ўзбекистон келажакда қандай йўналишдан кетса, иқтисоди ривожланади, шунга ўхшаш масалаларни улар олдиндан таҳлил қилади. Масалан, тўқимачилик саноатида Кореяга қараганда, Хитой йўналиши бизга жуда маъқул. Лекин кон, нефть қазиш бўйича Жанубий Корея тадқиқотлари ривожланмоқда”, - деди Б.Баҳриддинов.

Буюк Британия ширкати конни ўзлаштиришдан четлаштирилаётган бир пайтда Ўзбекистонда улушининг ярми АҚШнинг “Newmont Mining” корпорациясига тегишли бўлган “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасини банкротлаштириш жараёни бошланди.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлигининг “Народное слово” газетасига асосланиб маълум қилишича, мазкур қўшма корхона давлатга солиқдан 48 миллион доллар қарз бўлиб қолган.

Олтин қазиб чиқариш бўйича дунёдаги йирик ширкатлардан бири ҳисобланган “Ньюмонт майнинг” компаниясининг бош қароргоҳи АҚШнинг Колорадо штатида жойлашган. Ўтган ҳафтада компания қўшма корхонадаги ўзига тегишли улушни Ўзбекистон ҳукумати эгаллаб олишга ҳаракат қилаётганини билдирган эди.

Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси баёнотига кўра, 19 сентябрь куни қўшма корхона кредиторлари йиғилиши бўлиб ўтади. Унда корхонага вақтинчалик янги бошқарувчи тайинланади.
XS
SM
MD
LG