Линклар

Чимкентда маҳбуслар норозилиги


Чимкент шаҳридаги 167/1-изоляторда маҳбуслар оммавий норозилик акцияси ўтказди. 45 маҳбус ўз норозилигини таналарига турли хилдаги жароҳат етказиш орқали намойиш қилди.

Бу ҳақда хабар тарқатган “Kazakhstan Today” ахборот агентлигининг ёзишича, маҳбуслар доимий калтаклашлардан шикоят қилган.

Бундай ҳолат бошқа бир колонияда ҳам кузатилди. Чимкент шаҳридаги 167/3-колония маҳбуслари ҳам доимий таҳқирланишлардан норозилик билдирди.

Маҳбус Алик Тарасюкнинг матбуотга билдиришича, ҳибсхонада маҳбусларни таҳқирлаш, хўрлаш мунтазам тус олган.

Ҳибсхонадаги шароитнинг ўта ёмонлиги, маҳбусларни калтаклаш ҳолатлари тез-тез кузатилишидан шикоят қилган Алик Тарасюкнинг айтишича, бу ерда инсон ҳуқуқлари паймол қилинмоқда.

Алик Тарасюк маҳбусларнинг инсоний ҳуқуқларини назорат қилувчи прокурор билан учрашишни хоҳлайди. Маҳбуслар бир неча марта прокурорга шикоят аризаси жўнатган. Бироқ бу шикоятлар бирор марта ҳам ўрганилмаган.

Ҳар икки ҳибсхона раҳбарияти маҳбусларга нисбатан зўравонликлар ёки қўпол муносабатлар қилинишини инкор этди.

Сўнгги вақтларда Қозоғистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг норозилик акциялари тез-тез кузатилмоқда. Шарқий Қозоғистон вилоятидаги ахлоқ тузатиш колонияларининг маҳбуслари орасида эса ўлим ҳолатлари кескин кўпайган. Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида бу ерда турли сабабларга кўра 40 маҳбус оламдан ўтган.
XS
SM
MD
LG