Линклар

logo-print

Янги йўл ўзбек чегарачиларини "келин саломсиз" қолдирди

  • Садриддин Ашур

Тожикистонда Ўзбекистон ҳудудини айланиб ўтиш мақсадида қурилган Зафаробод-Уяс-Ўратепа автомобил йўли фойдаланишга топширилди. Йўл қурилишига 148 минг доллар сарфланди.

Бу маблағ маҳаллий ҳукумат хазинасидан ва одамларнинг шахсий жамғармалари ҳисобидан қопланди.

Зафаробод ва Ўратепанинг орасида 27 километрлик тўғри ва равон йўл бўлишига қарамай, ўзи шундоқ ҳам бой бўлмаган Тожикистон шунча маблағ сарфлаб, янги йўл қургани бир қарашда тушунарсиз туюлади. Лекин мана шу йўлнинг бир қисми Жиззах вилоятига қарашли Қўшқанд қишлоғи ҳудудидан ўтгани, бу ерда ўзбекистонлик чегарачилар ва божхоначиларнинг пости борлиги аён бўлгач, бу тушунарсизлик ойдинлашади.

Тожикистонликларни қийнаб юборган, уларни ортиқча маблағ сарфлаб янги йўл қуришга ундаган сабаб ҳам мана шу пост. Чунки бу постдан фақат Зафаробод ва Ўратепада қайди бор одамлар ўтказилади. Шундоқ қўшни туманлар аҳолиси учун эса йўл йўқ. Улар ўз манзилига етиш учун Қуркат қишлоғи орқали 70 километр йўл босишга мажбур бўлмоқда. Чунки, зафарободлик ўқитувчи Аъзам Норқўзиевнинг айтишича, Қўшқанддан юришга маҳаллий аҳолининг юраги безиллаб қолган.

“Қўшқанд чегара пости тожикистонликларни жуда эзиб юборди. Бу қишлоқ ўзи арзимаган бир километр. Лекин одамлар айланма йўлдан юраман, деб жуда қийналиб кетди. Чегарачилар ҳатто тўй ёки азага хабарга бораётган одамларни ўтказмасдан қийнайди. Тўй ўтаётган бўлса, келин бизга салом берсин, деб туриб олишади. Ахир бу хўрликка қандай чидаш мумкин?” - дейди А.Норқўзиев.

Тўрабек Ҳусанов Зафаробод-Ўратепа йўлида киракашлик қилади.

“Мана бир неча йилдирки, Қўшқанддаги Ўзбекистон чегарачилари халққа азоб беради. Чол бўладими, кампир ёки аёлми, уларга фарқи йўқ. Агар Гончи ёки бошқа туманлардан одам келиб қолса, тамом. Машинадан тушириб олади-да, орқага қайтмаганга қўймайди”, - дейди киракаш.

Т.Ҳусанов ўз бошидан ўтган бир воқеани гапириб: “Ёлғон гапирган худонинг душмани. Бир кампир ва қизини Ўратепадан олиб келаётган эдим. Тирикчилик учун ул бул нарса олишган экан. Қўшқанд қишлоғи тепасида икки чегарачи бу молларнинг патенти қани, деб туриб олди. Қонун бўйича бу молларга патент олинмаслиги, булар транзит йўловчилар эканини айтгандим, мени уч кишилашиб калтаклашди. Ўн кун шифохонада ётдим”, - деди.

Зафаробод туманидаги Ўзбекистон шаҳар ва туманлари билан дўстлик муносабатлари ўрнатиш қўмитаси раиси Носиржон Азимов сўзларига кўра, илгари Ўзбекистоннинг Ховос тумани ва Тожикистоннинг Зафаробод, Ўратепа туманларининг ўзаро алоқалари жуда яхши бўлган. Ўратепанинг меваю сабзавотлари доим Ўзбекистон бозорларини тўлдириб турган. Энди эса йўллар ёпиқлиги ҳар икки халққа ҳам қийин бўляпти.

“Тожику ўзбек деярли бир миллат, қон-қариндош. Эт билан тирноқ. Ахир буни ажратиб бўладими? Масалан, менинг то Тошкентгача қариндошларим бор. Агар Тошкентга бориб келаман десам, силу зардоб бўламан”, - дейди ўратепалик Нуриллохон ҳожи.

Унинг таъкидлашича, узоқ бўлса ҳам йўлнинг тинч бўлгани маъқул. Янги йўл аввалгисидан 20 километр узоқ бўлса-да, бехавотир. Шундай ҳам Тожикистон фуқаролари Қўшқанд постида ярим-бир соатлаб ушланиб қоларди.
XS
SM
MD
LG