Линклар

"Оҳангаронцемент" қўлдан кетди, "Ўздунробита" кетди...


"Озодлик" Ғарб давлатларининг Ўзбекистонда фаолият юритаëтган компаниялари ковуши тўғриланиши давом этаëтган бир пайтда уларнинг ўрнини Россияга қарашли ширкатлар эгаллаëтгани кузатилмоқда.

Куни-кеча рус матбуоти Россияга қарашли “Евроцемент груп” ширкати Ўзбекистондаги катталиги жиҳатдан иккинчи ўринда турувчи “Оҳангаронцемент” заводини сотиб олганини маълум қилди. Бошқа бир хабарда эса Россиянинг МТС мобиль алоқа компанияси “Ўздунробита”нинг қолган 26 фоиз акциясини сотиб олиш бўйича навбатдаги қадамни ташлагани айтилади. Шу пайтгача МТС “Ўздунробита”нинг 74 фоиз акциясини назорат қилар эди.

“Евроцемент груп” ширкати матбуот котиби Сергей Мешеряков “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “Оҳангаронцемент” сотиб олинганини тасдиқлади.

“Одатда бизнесдаги бундай келишувлар кўрсаткичлари ҳақида гапирилмайди. Келишувга эришилгани ва “Оҳангаронцемент” заводининг акциясини сотиб олганимизни тасдиқлашимиз мумкин. Бу завод “Евроцемент груп” таркибига кирди. Айни пайтда биз сармоя дастури бўйича иш олиб боряпмиз. Ҳозир сармоя ҳажми ҳақида гапиришга сал эрта. Албатта, завод ўз фаолиятини давом эттиради. Ўтган йили завод бир миллион тонна цемент ишлаб чиқарган эди. Яқин икки-уч йил ичида биз ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқчимиз. Ишлаб чиқарилган цемент, биринчи навбатда, ички бозорга йўналтирилади. Шунингдек, биз қўшни республикаларга, айниқса, цемент танқис бўлган Қозоғистонга ҳам экспортни йўлга қўймоқчимиз”, - деди С.Мешеряков.

Унинг сўзларига кўра, “Оҳангаронцемент” ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш истиқболига эга бўлгани учун “Евроцемент груп” унга қизиқиш билдирган.

Ўтган йилнинг май ойига қадар “Оҳангаронцемент” заводининг 49,9 фоиз акциясини “Бентонит” ўзбек-америка қўшма корхонаси ҳамда “Zeromax” (25,6%) ширкати назорат қилар эди.

Завод 1961 йилда қурилган ва 1995 йилга келиб акциялаштирилган. Корхона, асосан, портландцементнинг уч хил турини (М-400-ДО, М-500-ДО ва М-400–Д20) ишлаб чиқаради.

“Оҳангаронцемент”нинг янги тайинланган директори Сергей Марченко ўз жойида йўқ бўлгани боис, “Озодлик” мухбири унинг котибаси Татьяна Зинатова билан суҳбатлашди.

“Биз “Евроцемент групп” таркибида ишлаяпмиз. Барча ҳужжатларимиз эндиликда шу ширкат томонидан тасдиқланади. Илгари бизни “Zeromax” компанияси бошқарар ва “Оҳангаронцемент” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси ҳисобланар эди”, - деди Т.Зинатова.

2004 йилда Россиядаги йирик мобил алоқа компанияларидан бири МТС Ўзбекистон бозорига кириб келган эди. Компания мамлакатдаги энг йирик “Ўздунробита” мобил алоқа компаниясининг 74 фоиз акциясини сотиб олганди. Бу сафар МТС “Ўздунробита”нинг қолган 26 фоиз акциясини сотиб олиш сари яна бир жиддий қадам ташлади. Эндиликда МТС “Ўздунробита”ни тўла назорат қилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, 2006 йил 31 июлга келиб “Ўздунробита” 900 мингга яқин мижозга хизмат кўрсатади.

Ўзбекистон банкларидан бирида ишловчи, аммо ўзини таништиришни истамаган ходимнинг айтишича, Ғарб давлатларига қарашли ширкатларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши ва улар ўрнини Россия компаниялари эгаллашидан Ўзбекистон ҳеч нарса йўқотмади.

“Биз узоқ йиллар мобайнида ривожланган мамлакатларнинг кўплаб ширкатлари билан ҳамкорлик қилдик. Ўшанда хорижий сармоядорлар бир неча йилга келиб, пулларни шилиб, ортга равона бўлган. Мамлакатга ҳеч нарса қолдирмаган. Шундай экан, Ўзбекистоннинг ҳам қадрдон, ҳам ишончли бўлган Россия билан иқтисодий ҳамкорлик қилгани маъқул. Ҳар ҳолда Россия ëки Қозоғистон бизни қармоққа илинтириб кетмайди”, - дейди банк ходими.

Сўнгги вақтларда АҚШ ҳукуматининг айрим вакиллари Ислом Каримов билан алоқани қайта йўлга қўйиш ташаббуси билан чиқаëтгани кузатилмоқда. Жумладан, АҚШ давлат котиби ëрдамчиси Ричард Баучернинг яқинда Тошкентга қилган сафарини эсга олиш мумкин.

Бироқ россиялик кузатувчилар фикрича, бу ҳолат Ўзбекистон-Россия алоқаларида катта ўзгариш ясамайди. Чунки И.Каримов билан алоқаларни 2001 йилдан бошлаган АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий базасини жойлаштиришдан ташқари ҳеч қандай жиддий сармоя ётқизмаган. Чунки Ўзбекистондаги иқтисодий вазият АҚШ сармояси учун ноқулай эди. Россия сармояси эса, аксинча, Ўзбекистонга катта миқдорда кириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG