Линклар

Ҳокимлик журналистларни айблаб, балога қолди


Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри аҳолиси норозилик акцияси ўтказиб, шаҳар ҳокими Виктор Хокнинг истеъфосини талаб қилди. Қизиғи шундаки, расмийлар бу акция ўтказилишига журналистларни айбдор топди.

Оқтовда норозилик акцияси ўтказилиши эҳтимоли ҳақидаги хабарлар бир ҳафта илгари пайдо бўлганди. Номаълум шахслар томонидан варақалар тарқатилиб, унда маҳаллий ҳокимлик фаолиятига норозилик билдирилган ва одамлар намойиш ўтказишга чақирилганди.

20 август куни эрталабданоқ шаҳарликлар рухсат этилмаган намойишга йиғила бошлади. Уларни тарқатишга уринган полициячилар бунинг уддасидан чиқа олмади. Намойишчилар шаҳар ҳокими қозоқ миллатига мансуб шахс бўлишини талаб қилди.

Кечга бориб акция қатнашчилари сони минг нафарга етди ва полициячилар билан намойишчилар ўртасида тўқнашув бошланди. Фақат ярим тунга борибгина полиция намойишчиларни тарқатишга муваффақ бўлди.

Жаҳроҳатланганлар сони ҳақида маълумот бўлмаса-да, ҳар икки томондан бир неча киши шифохонага ётқизилгани маълум. Полиция 17 кишини ҳибсга олди.

“Одил сўз” халқаро ташкилоти маълумотига кўра, полиция намойишни ёритишга келган журналистлар фаолиятига қаршилик қилган. Воқеа жойида бўлган “31-телеканал” журналистлари ҳибсга олиниб, кейинчалик қўйиб юборилган. Намойишни тасвирга олган телеоператор полициячилар томонидан калтакланган. Боши ёрилган операторнинг видеокамераси ҳам полициячилар томонидан синдирилган.

Намойишнинг эртасига, яъни 21 август куни Манғистов вилояти ҳокимлиги “31-телеканал” журналистларини норозилик акциясини уюштиришда айблади.

Ҳокимлик тарқатган пресс-релизда журналистлар Светлана Султонгереева ва Сандугаш Шортанова маст ҳолда бўлгани, улар “Интимоқ” майдонида дам олаётган шаҳарликларга иғвогарона саволлар бериб, кишиларни акция ўтказишга ундагани таъкидланади.

Журналист С.Шортанова вилоят ҳокимлиги айбловларини инкор қилиб, улар фақат журналистик фаолиятни амалга оширганини билдирди.

Журналист қизлар маст эмасликларини исботлаш учун махсус текширув ўтказишни талаб қилди. Бироқ Оқтовда уларинг бу талабини бажаришни ҳеч ким истамади. Шундан сўнг журналистлар Олмаота шаҳрига келиб, текширувдан ўтди в уларнинг қонида алкоголь йўқлиги аниқланди.

“31-телеканал” ҳуқуқшуноси Ермек Қувонишовнинг маълум қилишича, телеканал раҳбарияти Манғистов вилояти ҳокимлигини судга беришга тайёргарлик кўрмоқда.
XS
SM
MD
LG