Линклар

logo-print

Андижонлик қочқинларнинг катта гуруҳи юртига қайтмоқда

  • Абдулла Искандар

АҚШдан бошпана топган андижонлик қочқинларнинг 41 кишилик гуруҳи 23 август куни АҚШ вақти билан кечки соат саккизда Нью-Йорк аэропортидан ўз юртига учиб кетади.

Бундан аввал ҳам андижонлик қочқинларнинг 12 нафари Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси молиявий кўмаги ва назоратида юртига қайтган ва маҳаллий ОАВ орқали АҚШни ёмонлаган эди. Юртига қайтаётган қочқинларнинг навбатдаги гуруҳига эса расмий Тошкент билет пули беришни ҳам эп кўрмади. Бу ики гуруҳнинг юртга қайтиши вақти оралиғидаги бир ярим ойлик муддат айнан шу билан изоҳланяпти.

Бу қочқинлар Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистонга қочиб ўтган, ундан халқаро ташкилотлар ёрдамида Руминияга олиб келинган, бу ердан АҚШга жўнатилиб, уларга сиёсий бошпана берилганди.

Андижонлик қочқинлар билан саккиз ой давомида ҳамсуҳбат бўлган мустақил кузатувчи Баҳодир Файзнинг таъкидлашича, АҚШдан бошпана олганларнинг ҳаммаси ҳам қайтаëтгани йўқ. Улардан тўрт нафари умумжамоа истагига қарши тарзда Америкада қолишни ихтиëр этган.

Б.Файз кетаëтганлар орасида ҳам Америкада қолишни истаëтганлар кўплиги, аммо уларни жамоадан ажралмаслик ҳисси олға етаклаётганини таъкидлади.

Хўш, жаҳон жамоатчилиги саъй-ҳаракатлари билан ўзлари учун хавфсиз мамлакатларга кўчирилган андижонликлар нега қайтиб кетяпти?

Бу ўринда ватан соғинчи, адаптация муаммолари, уларнинг юртда қолган қариндошлари воситасида самарали ишлаëтган расмий Тошкентнинг узун қўли ва диний уламо Акрам Йўлдошевнинг гўёки қамоқхонадан ëзган мактублари сабаб қилиб келтирилади.

Б.Файзи ҳам шу омилларни санар экан, қочқинларнинг юртига қайтишига Ўзбекистондаги қариндошларининг телефон қўнғироқлари асосий рол ўйнаганини таъкидлади.

Ўзбекистонга қайтиб кетаëтган қочқинлар орасида Акрам Йўлдошевнинг яқинлари ëки унинг сафдошлари йўқ. Қочқинларнинг барчаси ўз норозиликларини ифодалаш учун 13 майда Бобур майдонига бориб қолган оддий андижонликлар экани айтилмоқда. Аммо улар гуноҳсизлигини билса ҳам Ўзбекистон президентининг марҳаматидан умидвор ҳолда юртига қайтаётир.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Москвадаги вакиласи Алисон Гилл Каримов ҳукумати Ўзбекистонга қайтиб борган андижонликлардан қопқонга қўйилган хўрак сифатида фойдаланиши мумкинлигини айтади.

“Мен қайтиб борган андижонликлардан ўзбек режими қопқон сифатида фойдаланади, деб қўрқяпман. Уларга тегишмади-ку¸ деб шартта бошқа андижонликлар ҳам келиши учун қўйилган қопқон бу. Мен ватан соғинчи деган ҳис-туйғуни теран англайман, аммо ўз халқига ўқ отган бу ҳукуматга қандай қилиб ишониш мумкинлигини ақлимга сиғдира олмаяпман”, - деди А.Гилл.
XS
SM
MD
LG