Линклар

"Ўзбекнефтгаз"даги тузилмавий ўзгаришлар


"Озодлик" 2006 йил 21 август куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Қарор “Ўзгеобурғунефтгазқазибчиқариш ” акциядорлик компанияси негизида “Ўзгеобурғунефтгаз” ва “Ўзнефтгазқазибчиқариш” акциядорлик компаниялари ташкил этишни назарда тутади.

Шунингдек, ҳужжатда “Ўзнефтгазқурилишинвест” акциядорлик компаниясини ташкил этиш ҳамда Шўртан газ-кимë мажмуини “Ўзнефтгазқазибчиқариш” акциядорлик компанияси таркибига берилиши кўзда тутилади.

Қарорга мувофиқ, “Устюрт геофизика экспедицияси”, “Амиробод геофизика экспедицияси“ , “Фарғона геофизика экспедицияси” ва “Бухоро геофизика экспедицияси” акциядорлик жамиятлари, шунингдек, “Яккабоғ геофизика экспедицияси” унитар корхонаси “Ўзбекгеофизика” ОАЖга қўшилади.

“Автогаз” акциядорлик компанияси “Ўзтрансгаз” таркибига қўшиш йўли билан “Автогазсотиш” шўъба корхонасига айлантирилади. Шунингдек, ҳужжатда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқарув кенгашини ташкил этиш ва компания бошқарувининг функциялари ўзгартирилишини назарда тутилди.

“Илгари “Ўзгеобурғунефтгазқазибчиқариш” раҳбарлари бир қанча жиноий ишларда иштирок этишда айбланиб, компания фаолияти тугатилган эди. Умуман қазилма бойликлар тақдири бурғулаш ишлари натижасига боғлиқ. Шунинг учун бурғулаш ишлари давлат томонидан молияланади. Хуллас¸ “Ўзгеобурғунефтгазқазибчиқариш” жиноий ишда айбланиб йўқ бўлиб кетган эди. Энди қайтадан тузиляпти. “Автогаз”ни ҳам мисол қилиб оладиган бўлсак, ëнилғи қуйиш шахобчаларининг ҳаммаси хусусийлашиб кетган эди. Шундан сўнг бу ташкилот нима қилишини билмади. Ниҳоят, “Автогаз” газ сотиш идорасига айлантирилиб¸ яна “Ўзтрансгаз” таркибига қўшилди. Бу ҳам ижобий ҳол”, - дейди “Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби Собиржон Салимов қарорга изоҳ берар экан.

“Ўзгеобурғунефгаз”, “Ўзнефтгазқазибчиқариш”, “Ўзнефтмаҳсулот”¸ “Ўзтрансгаз”, “Ўзнефтгазқурилишинвест” ва “Ўзнефтгазмаш” акциядорлик компаниялари “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компаниясининг алоҳида мулкка ва мустақил балансга эга юридик шахс шаклидаги тармоқ корхоналари ҳисобланади.

Президент қарорига кўра, “Ўзбекнефтегаз” таркибига кирувчи акциядорлик компаниялари бош директорлари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан лавозимларига тасдиқланади ва улар холдинг компанияси бошқарув кенгаши аъзолари ҳисобланади ҳамда мақоми вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

С.Салимовнинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда “Ўзбекнефтгаз”нинг ишлари ëмон эмас.

“Мана бир қанча инвестор билан ишлаяпмиз. Хорижий сармоядорларимиз таркиби кенгайиб бормоқда. Айниқса, Малайзия ва Кореядан кўп инвесторлар келаётир. Бунинг натижасида эса бошқарув тизими такомиллашиб бормоқда”, - дейди С.Салимов.

Ўзбекистон Геология разведка институти директори Тўйчи Шомуродов мазкур қарор мамлакат ҳудудида нефть ва газ конларини топиш, уни ишлаб чиқаришга тайëрлаш ҳамда қазиб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилганини айтди.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатияси университети профессори Баҳодир Баҳриддинов эса бугунга келиб халқаро нефть ва газ компанияларининг Ўзбекистон табиий захираларига назари тушиб бораëтганини билдирди.
XS
SM
MD
LG