Линклар

logo-print

М.Камоловнинг тарафдорлари имом террорчиликда айбланаётганидан норози


Абдуллоҳ Эргаш 2006 йил 6 августда Ўшда ўтказилган махсус операция давомида ўлдирилгани айтилаётган таниқли диний уламо Муҳаммадрафиқ Камоловнинг тарафдорлари у террорчиларга алоқадор эмаслигини айтмоқда.

Қирғизистон хавфсизлик хизматлари М.Камолов Ўшда ўз машинасида икки террорчи билан бирга бўлгани ва отишмада ўлдирилганини таъкидлаб келмоқда.

“Мана улардан бирининг сурати. Бу Шаҳобиддинов Аюбхўжа, унинг лақаби “Шайх”, “Машраб”, “Умар”. Иккинчи жангари эса Раҳимов Фатхулло Рустамович, унинг лақаби “Абдулло”. Бу икки киши М.Камоловнинг машинасида бўлган. Автомашинани Камоловнинг ўзи бошқариб борган. Ходимларимиз машинани тўхтатишга ҳаракат қилганида М.Камоловнинг машинасидан автоматда ўқ отилган. Шундан сўнг ходимларимиз отган ўқдан уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган”, - деган эди Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг Ўш вилояти бошқармаси раҳбари Бакит Бекибоев 7 август кунги матбуот анжуманида.

Бироқ М.Камоловнинг қариндош-уруғлари ва у 24 йил мобайнида имомлик қилиб келган масжиднинг ўн минг кишилик жамоаси Миллий хавфсизлик хизматининг бу ахборотига ишонмайди. Масжид жамоаси митинг ўтказиб, М.Камолов террорчиликда айбланишига норозилик билдирганди.

М.Камоловнинг қариндошлари ўзларида мавжуд маълумотларга таяниб, Қирғизистон МХХнинг расмий ахборотини рад этмоқда. Уларнинг айтишича, М.Камолов ўша куни машинасида бир ўзи бўлган ва бунга гувоҳлар ҳам бор.

“Ўша куни қиблагоҳимизни уйдан чиққандан бошлаб, то фожеа содир бўлган жойга етиб боргунича кўп одамлар кўрган. Баъзи ҳайдовчилар йўли бир бўлгани учун унинг ортидан машина ҳайдаган. Ана шу кўплаб гувоҳлар отамиз машинада ёлғиз кетаётгани, ҳамроҳлари бўлмаганини айтмоқда. Ўша куни отам ҳуқуқ-тартибот тизимларидан бирига чақирилган эди. Афсуски, айни қайси тизимга - ички ишлар ёки хавфсизлик хизматига чақирилганми, шунисини аниқлаб қолмаган эканмиз”, - дейди М.Камоловнинг ўғли Рашод қори.

У шу кунгача ҳам таъзия билдириш учун узоқ-яқиндан келган одамлар қадами узилмаётгани туфайли бирор расмий ёки мустақил ташкилотга ўз тахминлари юзасидан тергов ўтказишни сўраб мурожаат қила олмаганини айтади.

Рашод қори ҳозир М.Камоловнинг оиласи, қариндош-уруғлари ва масжид жамоасига нисбатан тазйиқлар ўтказилмаётганини, лекин Қирғизистон МХХ тергови натижаларига қараб тазйиқлар ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

“Агар тергов М.Камолов ҳақиқатан ҳам террорчи бўлган, деган тахминни тасдиқласа, тазйиқлар бошланиши мумкин. Бироқ биз мусулмонлар бунга йўл қўймаймиз ва отам имомлик қилган масжидда намоз ўқиган ўн минг кишилик жамоа у террорчи эмаслигини исботлаш учун курашамиз”, - дейди Рашод қори Камолов.

Қирғизистон МХХ Ўш вилояти бошқармаси раҳбари Бакит Бекибаев эса М.Камоловнинг машинасида ўзидан бошқа одамлар йўқ эди, деган тахминларни рад этади.

“М.Камоловнинг ўлими бошқа холатда юз берган, деган миш-мишларга чек қўйиш мақсадида айтаманки, унинг машинасида икки террорчи бор эди. У ана шу террорчиларни йўқ қилиш жараёнида махсус хизматлар томонидан ўлдирилган”, - деди Б.Бекибоев.
XS
SM
MD
LG