Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:57

Эронликлар Россияда атом станцияси ишини ўрганмоқда


Эроннинг Атом энергияси ташкилоти раҳбари Маҳмуд Жаннатиан раҳбарлигидаги нуфузли делегация Россиядаги атом электр станциялари фаолияти билан танишяпти.

Ушбу делегациянинг Россияга сафаридан мақсад АЭСлардаги реакторлар қандай ишлаётгани билан танишиш, шунингдек, мутахассислар малакасини оширишдан иборат.

Эронлик мутахассисларнинг бу танишуви Москва ва Санкт-Петербург ўртасида жойлашган Удомлия шаҳридаги “Калининская” атом станциясидан бошланади.

“Калининская” атом станцияси матбуот вакили Марина Карасёванинг айтишича, Эрондаги Бушер атом станцияси “Калининская”га ўхшаш бўлгани учун эронлик мутахассислар шу станция фаолияти билан яқиндан танишади.

“Ташрифдан мақсад атом станцияси билан яқиндан танишишдан иборат. Ўтган йили “Калининская” станциясида учинчи блок ишга туширилди. Бушерда ҳам шундай лойиҳа асосида станция қуриляпти. Бу ташриф анча олдин режалаштирилган эди. Ўта хавфли ҳисобланган объектларга ташриф уюштириш учун керакли ҳужжатларни тайёрлашга камида уч ёки тўрт ҳафта вақт кетади”, - дейди М.Карасёва.

Эронлик мутахассисларнинг Россияга ташрифи тажжубли воқеа эмас. Чунки икки мамлакат анча вақтдан бери атом энергияси соҳасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бироқ сафарнинг вақти кўпчиликда шубҳа уйғотмоқда. Зеро, у Россия учун анча ноқулайликлар туғдириши мумкин бўлган пайтга тўғри келди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Эрон уранни бойитиш ишларини 31 августга қадар тўхтатиши, акс ҳолда мамлакатга нисбатан санкциялар жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида ҳужжат қабул қилган эди. Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия уранни бойитиш дастуридан воз кечиши эвазига Эрон билан иқтисодий манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларини таклиф қилган.

22 август куни Эроннинг бу масаладаги бош музокарачиси Али Ларижоний Теҳрон расмийлари мазкур таклиф юзасидан “жиддий сўзлашувлар бошлашга тайёрлиги”ни билдириб, уранни бойитиш ишлари тўхтатилиши ҳақида ҳеч нарса айтмади. 21 август куни эса Эроннинг олий диний раҳбари оятулло Али Ҳуманаий мамлакат уранни бойитиш ишларини давом эттиришини билдирганди.

Эрон делегациясининг Россияга сафари шундай мураккаб вазиятда ўтмоқда. Бу эса Эронни уранни бойитиш ишларини тўхтатишга мажбур қилиш борасида Россиянинг Ғарб давлатлари билан ҳамфикр эканига кўпчиликда шубҳа уйғотяпти.

23 август куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва расмийлари Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган бўҳрон тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори эканини маълум қилди. Бироқ айрим кузатувчилар Эрон делегациясининг Россияга ташрифи Москванинг Эронга нисбатан юритаётган сиёсати ўзгача эканидан далолат беради, деган фикрда.

“Россия анча вақтдан бери Эронга нисбатан ўз сиёсатини юритиб келмоқда. Бу сиёсат АҚШ ва Европа Иттифоқиникидан фарқ қилади. Бу Россия ташқи сиёсатига мос равишда амалга ошмоқда”, - дейди россиялик мудофаа масалалари бўйича таҳлилчи Александр Голц.
XS
SM
MD
LG