Линклар

Чегара бузувчиларнинг аксарияти ўзбеклар


Сўнгги вақтларда Қозоғистон давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтаётганлар сони кескин ошиб бормоқда. Маълум бўлишича, чегара бузувчиларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқароларидир.

Ўтган ҳафта давомида Ўзбекистоннинг қозоқ-ўзбек чегарасидан ноқонуний равишда ўтишга ҳаракат қилган 50 фуқароси қозоқ чегарачилари томонидан қўлга олинди.

Қозоғистоннинг “Когали” ҳарбий қисми аскарлари Ўзбекистонга яширинча ўтишга уринган 15 кишини ушлади. Улардан 10 нафари Қозоғистонга ноқонуний ўтган, энди эса Ўзбекистонга қайтаётган фуқаролар экани маълум бўлди.

Кузатувларга кўра, энг кўп қонунбузилишлар “Мирзакент” ҳарбий қисми назоратидаги ҳудудда содир бўлади. Биргина ўтган ҳафта давомида бу ерда 32 киши ушланди. Уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароларидир. Шунингдек, “Сариоғоч” участкасида ҳам ўзбекистонлик 8 киши қўлга олинди.

Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистон билан чегараларни мутаҳкамлашга астойдил бел боғлаган. 13 июль куни Қозоғистон бош вазири Даниал Ахметов қозоқ-ўзбек чегарасини мустаҳкамлаш учун 3,5 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилишини билдирганди.

Қозоғистон Чегара хизматининг “Онгтустиқ” ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари полковник Роман Қурманбоевнинг айтишича, чегарада қонунбузилиш ҳолатларининг кўплигига чегара ҳудудларида яшовчи аҳолининг контрабанда билан шуғулланиши асосий сабаб бўляпти.

Маҳаллий кузатувчилар эса чегарада қонунбузилишлар кўплигига ўзбек гастарбайтерлари сабаб, деб ҳисоблайди. Зеро, кўп ҳолатларда уларнинг чегарадан яширин йўллар орқали ўтиши сир эмас. Сўнгги беш йил мобайнида қозоқ чегарачилари 21 мингдан зиёд чегара бузувчини қўлга олган.

Ўзбек-қозоқ чегараси наркотик моддалар транзити учун ҳам хизмат қилади. Биргина ўтган йили қозоқ чегарачилари Ўзбекистондан ўтаётган 220 килограмм наркотик моддани аниқлаган.

Расмий маълумотларга кўра, 1999 йилдан буён чегарада 25 та келишмовчилик ҳолати қайд қилинган. Сўнгги 4 йил мобайнида ўзбек-қозоқ чегарасида Ўзбекистон чегарачилари томонидан 9 марта қурол ишлатилган. Бунинг натижасида Қозоғистоннинг 6 фуқароси жароҳат олган ва бири ҳалок бўлган. Шу давр мобайнида Қозоғистон чегарачилари ўзбекистонликларга қарата 6 марта ўт очган, натижада уч киши яраланиб, бир киши оламдан ўтган.

2002 йил сентябрда икки давлат ўртасида чегара делимитацияси бўйича шартнома имзоланган. 2004 йил 19 апрелдан бошланган демаркация жараёни 2007 йилнинг охиригача давом этиши мўлжалланган. Айни пайтда Қозоғистоннинг 16 та аҳоли пункти демаркация туфайли қийин аҳволга тушиб қолган. Қозоғистонга қарашли 7 овулнинг болалари чегарадан ўтиб, Ўзбекистон мактабларига қатнайди. 8 та овул одамлари эса ичимлик сув учун қўшни давлатга ўтишга мажбур.
XS
SM
MD
LG