Линклар

logo-print

Корейслардан тортиб олиниб, ҳиндларга сотилди

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистон ҳукумати Жанубий Кореянинг “Kabool textiles” компаниясидан тортиб олинган Марказий Осиёдаги икки энг йирик тўқимачилик комбинатини Ҳиндистоннинг “Spentex Industris Ltd” компаниясига 80 миллион АҚШ долларига сотди.

1997 йилда “Kabool textiles” компанияси Тошкент ва Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳрида мазкур икки корхонани ишга тушириш учун Ўзбекистонга 140 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритган эди.


Энди эса Ўзбекистон ҳукумати ҳиндистонлик тадбиркорларга яхши ишлаши учун турли хил имтиёзларни ваъда қилди. Ўзбекистон томони пахта хомашёси учун 15 фоизлик чегирма беришга, корхонани айрим солиқлардан ва божхона тўловларидан озод қилишга розилик билдирди.

“Spentex Industris Ltd” Ўзбекистондаги фаолияти истиқболларига ишонч билан қарамоқда.

“Ўзбекистон ҳукумати ўз бўйнига жиддий мажбуриятларни олди. Ўзбекистон Марказий банки ҳам, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ҳам бизни қўллаб-қувватлаяпти. Ўзбекистон ҳукумати ўз мажбуриятларини бажариши ҳақида очиқчасига оғзаки тарзда ҳам, ёзма тарзда ҳам билдирди”, - дейди “Spentex Industris Ltd” компанияси вакили Рави Упазрай.

Аммо Ўзбекистонда сармоясини йўқотган “Kabool textiles” компанияси раҳбари Дон Канг Тошкент ҳукуматининг сармоядорларга бераётган ваъдаларига ишонмайди.

“Ҳиндистонликлар ҳали Ўзбекистонда ишлаш аччиғини татиб кўрмаган. “Аввалига улар имтиёзлар билан ром қилишади. Бир муддатдан сўнг кўпроқ даромад кўриш учун имтиёзларни бекор қилади. Ҳиндистонликлар бундай ўзгаришларга тайёр бўлиб туриши керак”, - дейди Дон Канг.

Ўзбекистон иқтисодиёт вазири Рустам Азимов 2005 йил 29 март куни Ўзбекистондаги хориж бизнеси вакилларини Тошкентдаги “Intercontinental” меҳмонхонасига йиғиб, барчани мамлакат тўқимачилик саноатига сармоя ётқизишга чақирган эди. У Ўзбекистон ҳукумати 4 йил давомида мамлакатда етиштириладиган пахтани қайта ишлаш ҳажмини икки баробар оширишни режалаштираётганини эълон қилиб, хорижликларни сармоя ётқизишдан қўрқмасликка даъват этганди.

“Виждон билан, яхши профессионал мақсад ва режалар билан Ўзбекистон бозорига, тўқимачилик бизнесига келаётган барча сармоядорларга ҳукуматимиз ва қонунчилигимиз энг қулай ишлаш шароитларини яратади”, – деганди Р.Азимов.

Бироқ аслида айнан ўша вақтда Ўзбекистон тўқимачилик саноати таназзулга юз тута бошлаган давр эди. Иқтисодиёт вазири эса Ўзбекистондаги мавжуд корхоналарни сақлаб қолиш учун уларга имтиёзлар бериш ҳақида гапириши керак эди эҳтимол.

“Агарда Ўзбекистонга киритган сармояларимнинг ярмини беришга рози бўладиган мижоз топсам мен бугуноқ бу ерни тарк этишга тайёрман”, - деган эди Р.Азимовнинг нутқини эшитган ҳиндистонлик сармоядорлардан бири.

Айнан 2005 йил март ойида “Kabool textiles” корхоналари ҳукумат қарорлари сабаб инқироз ёқасига олиб келинганди.

Аввал ҳукумат хориж инвесторлари учун пахтани имтиёзли нархларда сотиш тартибини бекор қилди. Аввалги йилларда дунё тўқимачилик бозорида кузатилган пасайиш, кейин улкан солиқ юки “Kabool textiles”нинг қарзга ботишига сабаб бўлди.

Ўзбекистон Миллий банки корхонани қўллаб-қувватлаш ўрнига масалани суд орқали ҳал қилиб, уни тўла ўзлаштирди. Ўзбекистон тўқимачилик экспортининг учдан бир қисмини таъминлаган “Kabool textiles” Ўзбекистон бюджетига йилига 6 миллион АҚШ долларигача даромад келтирган, минглаб одамларни иш билан таъминлаган эди.

Ўзбекистон ҳукумати ўзлаштирилган бу корхоналар ўтган муддат давомида ишсиз ётди.

“Бу корхоналарни ишлатишга ожиз бўлган Ўзбекистон ҳукумати тортиб олинган корхона учун янги инвесторларни қидиришга тушди”, – дейди Дон Канг.
Мана шу янги топилган сармоядор “Spentex Industris Ltd” бўлди. Энди эса Ўзбекистон ҳукумати корхона олдида ўз зиммасига олган мажбуриятларини қанчалик бажара олиши яна синовга тутиладиган кўринади.

Ҳозирча ҳукумат бундан ҳам кўп мажбуриятларни олиб, дунёдаги энг йирик “Newmont mining” олтин қазиб чиқариш компанияси билан бирга ташкил этган “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонасини тўла ўз тасарруфига ўтказиш билан банд. Кейинчалик бу корхона ҳам сотилади.
XS
SM
MD
LG