Линклар

Сил касалига чалинганлар шифохонадан кўча ҳайдалди


Қозоғистоннинг Павлодар вилояти сил касалликлари диспансеридан 14 бемор кўчага ҳайдалди. Уйларига боришни хоҳламаган беморлар диспансер ёнидаги кўчада яшамоқда.

Бемор Асқар Кайсагалиннинг билдиришича, у суд қарорига кўра мажбурий даволанмоқда. Яна 2,5 ой даволаниши кераклигига қарамай, кўчага ҳайдалган. Аммо оила аъзоларига касаллик юқтиришни хоҳламагани боис диспансер яқинидан кетмай, кўчада ётиб юрибди.

Диспансердан қувилган бошқа беморлар ҳам шу каби сабаблар туфайли уйларига кетишни истамаётир.

Сил энг юқумли касалликлардан бири ҳисобланади. Бемор одам нафас олган ҳавода 1 соат давомида сил бактериялари сақланади.

Бемор Виктор Есдавлатовнинг айтишича, кўчага ҳайдалганлар силнинг хавфли тури билан оғриган. Бу эса касалликнинг соғлом одамларга юқиш хавфини янада оширади.

Вилоят соғлиқни сақлаш департаменти директори ўринбосари Гулнор Тўлаганованинг сўзларига кўра, вилоятда 609 бемор даволаниш учун навбат кутяпти. Шу сабабли диспансердан баъзи беморларга вақтидан илгари жавоб берилган.

Маълум бўлишича, кўчага ҳайдалган 14 бемор мустақил даволаниш имконига эга эмас. Фақат дори-дормон учун кунига 2-3 минг танга керак бўлади. Сил касали билан оғриган беморлар эса ҳеч қаерга ишга ҳам олинмайди.

Қозоғистон силга чалиниш кўрсаткичлари юқорилиги бўйича дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Ҳар йили мамлакатда 23 минг киши сил билан оғрийди. Сўнгги ўн йил давомида Қозоғистонда сил билан оғриган беморлар сони кескин ошгани қайд қилинган.

Маълумотларга кўра, мамлакатда 2003 йилдан 2008 йилгача 62 та сил касалликлари шифохонаси қуриш мўлжалланган. Павлодарда ҳам янги шифохона қурилиши кейинги йилга режалаштирилган. Кўринадики, унгача беморлар кўчадан паноҳ топади.
XS
SM
MD
LG