Линклар

Европа Иттифоқи давлатлари Ливан жанубига қўшин жўнатишга келишдилар

  • Ҳасанжон

Европа давлатлари Ливан жанубига жойлаштириладиган 15 минг аскардан иборат БМТ халқаро тинчликпарвар кучларининг ярмини Ливанга жўнатишга келишдилар. Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Брюссел шаҳридаги йиғилишда БМТ Бош котиби Кофи Аннан ҳам қатнашди. У вазирлар қабул қилган қарорни олқишлади.

Франция Ташқи ишлар вазири Филип Дуст-Блази Европа давлатлари Ливанга жойлаштирилиши режаланган БМТ халқаро тинчликпарвар кучларига олти ярим – етти минг аскар жўнатиши мумкинлигини айтди. Йиғилишда қатнашган БМТ Бош котиби Кофи Аннан 15 минг аскардан иборат халқаро тинчликпарвар кучларнинг асосий қисми тузилганидан мамнунлигини айтди:

“Мен ушбу учрашувда берилган қатъий ваъдалардан жуда хурсандман. Европа давлатлари масъулиятни хис қилиб Ливан халқига бирдамлигини кўрсатишига ишонган эдим. Биз вазифани бажара оладиган ҳарбий куч тўплай олиш имкониятига эга бўлдик”, – деди БМТ Бош котиби.

Аннан Франция ҳукуматидан Ливанга икки минг аскар жўнатиш ва 2007 йил феврал ойигача БМТ халқаро тинчликпарвар кучларига қўмондонлик қилишни сўраган. Режага кўра, ундан кейинги муддатда уч минг аскар ваъда қилган Италия БМТ халқаро кучлари қўмондонлигини Франциядан қабул қилади.

БМТ Бош котибига кўра, Бангладеш, Малайзия ва Индонезия каби мусулмон давлатлар Ливан жанубига ўз қўшинларини жўнатишни таклиф қилган. Аммо Исроил дипломатик алоқалар ўрнатмаган давлатлар ҳарбийларининг Ливан жанубига жойлаштиришга қарши бўлди.

БМТ халқаро тинчликпарвар кучлар масаласини муҳокама қилиш учун 28 август куни Кофи Аннаннинг Ливанга бориши кутилмоқда.

26 август куни Байрутда чиқиш қилган Ливан Ташқи ишлар вазири Фавзи Солиҳ:

“Биз ливанликлар Брюссел анжумани натижасидан мамнунмиз. Ливанга Европанинг етти–саккиз минг аскардан иборат БМТ тинчликпарвар халқаро кучларининг жўнатилиши мамлакат жанубига аллақачон жойлаштирила бошланган Ливан армиясига катта ёрдам бўлади”, – дея баёнот берди.

Европа давлатлари Ливан жанубида Исроил ва “Хизбуллоҳ” партизанлари ўртасида тўқнашушлар қайта бошланиши мумкинлигидан хавотирда. Шу боис улар халқаро тинчликпарвар кучларга ҳужум бўлган тақдирда, уларга ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилишини талаб қилмоқда.

Брюссел учрашувида Италия ва Франциядан ташқари Испания ўзининг бир минг 200 нафар, Польша 500 нафар, Белгия 400 нафар, ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Финляндия эса ўзининг 250 нафар аскарини Ливан жанубига юборишга тайёр эканини билдирди.

Европа Иттифоқи Ташқи сиёсати мутасаддиси Хавьер Солана Исроилни Ливанга қарши жорий қилган қуршовини бекор қилишга чақирди:

“Зарур ишларни амалга ошириш, хусусан қайта қуриш, гуманитар ёрдам кўрсатиш учун Комиссия Ливанга қарши жорий қилинган қуршовни бекор қилиш устида ишлаяпти”, – деди Европа Иттифоқи Ташқи сиёсати мутасаддиси.
XS
SM
MD
LG