Линклар

БМТнинг Ливандаги кучларига ким раҳбарлик қилади?

  • Барно Анвар

БМТ бош котиби Кофи Аннаннинг Брюссел шаҳрида Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари билан учрашувида Ливан жанубига киритилажак тинчликпарвар қўшин таркибини тузиш масаласи муҳокама этилди.

БМТнинг Ливандаги қўшинларига Европа мамлакатларидан бирининг вакили раҳбарлик қилишини кўпчилик кузатувчлар тахмин қилаётган эди.

“Мен Европага ишонаман. Мутлақо ишончим комил, Европа давлатлари ўз масъулиятини ҳис қилади ва Ливан, умуман, бутун минтақа аҳолисидан ёрдамини аямайди”, - деди Европа мамлакатларига ишонч билдирган БМТ бош котиби.

Брюссел учрашуви БМТнинг Ливан жанубига киритилажак тинчликпарвар қўшинларига Европанинг қайси давлати етакчилик қилишига ойдинлик киритиши кутилмоқда. Ҳозирча бунга Франция ва Италия даъвогарлик қиляпти.

Дастлаб бу қўшинга бошчилик қилиш ва уни тезроқ Ливанга киритишга ундаётган Франция кейинчалик унга бериладиган ваколатга ойдинлик киритилишини талаб қилган эди. Оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, ҳозирга келиб Франция раҳбарияти тинчликпарвар қўшинлар ваколати ва уларнинг ҳимоясига қаратилган чора-тадбирлардан қониқиш билдирмоқда.

“Икки қўшимча батальон бизнинг Ливан жанубидаги қўшинларимиз таркибини тўлдиради. Шу тариқа Франциянинг 2 минг аскари БМТ бошчилигидаги қўшин сафида бўлади ва агар БМТ ихтиёр билдирса, француз қўшинлари унинг такрибидаги ҳаракатини давом эттиради”, - деди Франция президенти Жак Ширак.

Римдаги Ташқи алоқалар институти таҳлилчиси Жованни Гаспарини фикрича, эндиликда “ўз-ўзини мудофаа қилиш эҳтиёт чоралари” тинчликпарвар қўшинлар миссиясининг бир қисми бўлди.

“Энди бу қўшинлар бизни отиш ниятидагилар қачон отаркин, деб кутиб ўтирмайди. Бу эса тинчликни сақлаш йўлида бошланган амалиётни нормал ҳолатга келтирган жуда табиий ўзгаришдир”, - деди Ж.Гаспирани.

Бироқ Франция ҳукумати БМТ қўшинларига берилажак ваколат борасида бир ўйга келгунча, Италия ҳукумати ҳам Ливан жанубидаги миссияга бошчилик қилиш таклифини билдириб қолди. Эндиликда Париж ва Рим ўртасидаги бу баҳс ким томонига ҳал бўлиши учрашув натижасида маълум бўлиши керак.

БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига биноан ҳудудга жами 15 минг аскарлик тинчликпарвар қўшин киритилиши керак. Ҳозирча улардан 2 мингги Франция, яна 3 мингги Италияга тегишли бўлиши маълум. Шунингдек, Германия, Финляндия ва Осиёнинг бир неча давлати, жумладан, Малайзия, Индонезия, Бангладеш Ливан жанубидаги тинчликпарвар миссияда иштирок этиш ниятини билдирган.
XS
SM
MD
LG