Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:54

Япония Бош вазири Марказий Осиёга сафар қилади


Япония Бош вазири Жуничиро Коизуми 28 – 31 август кунлари Марказий Осиёга сафар қилади. Бу Япония ҳукумати бошлиғининг энергия манбаларига бой бўлган Марказий Осиёга биринчи ташрифидир. Кузатувчилар фикрича, Япония раҳбари нафақат энергия масалаларини муҳокама қилиш, балки Россия ва Хитойнинг минтақага таъсирини камайтиришни ҳам мақсад қилган бўлиши мумкин.

Жуничиро Коизуми сентябр ойи охирида Япония Бош вазири лавозимидан кетади. Шунга қарамай, у Бош вазир лавозимида сўнгги кунларининг бир қисмини Марказий Осиё сафарига бағишлашга қарор қилди.

Марказий Осиё давлатлари мустақил бўлганидан бери Япония минтақа давлатларига икки миллиард доллардан ортиқ миқдорда иқтисодий ва ижтимоий ёрдам кўрсатган. Кузатувчилар фикрича, Токио расмийларининг иқтисодий соҳада фаоллиги, сиёсат бобида эса минтақа давлатлари ҳукуматларини танқид қилмаслиги ўзаро муносабатларга ижобий таъсир этган.

Лондондаги Халқаро алоқалар тадқиқот маркази таҳлилчиси Кристофер Худ Марказий Осиё минтақасининг табиий ресурсларга бойлиги Японияни ўзига жалб қилаётганини айтади:

“Япония кўмир, нефт ва бошқа нарсаларни четдан импорт қилади. Табиий ресурслар таъминоти бир маромда бўлиши учун Япония имкон қадар кўп манбага эга бўлишга ҳаракат қилмоқда. Марказий Осиё давлатлари Япония учун ана шундай манъба булиши мумкин”, – дейди британиялик таҳлилчи.

Ҳозирда Японияда сарфланаётган нефтнинг 80 фоизи беқарор вазият ҳукм сураётган Яқин Шарқ минтақасидан келтирилади.

Қозоғистондаги Япония элчиси Тетсуо Ито Марказий Осиё ва ўз мамлакати муносабатлари ҳақида Озодлик радиосига бундай деди:

“Бу минтақанинг табиий ресурсларга бойлиги биз учун катта аҳамиятга эга. Биз минтақани барқарор энергия таъминоти манбаси деб биламиз”, – дейди Қозоғистондаги Япония элчиси.

Токио расмийлари табиий ресурсларни ўзлаштириш учун минтақада барқарорлик қарор топган бўлиши кераклигини яхши тушунади. Шу боис Япония ҳукумати Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги уринишларни раҳбатлантиришга қаратилган сиёсат юритиб келди.

Британиялик таҳлилчи Кристофер Худга кўра, Хитой, Жанубий Корея ва Япония ўртасида Марказиё Осиёнинг нефт ва гази учун рақобат бормоқда. Коизумининг минтақага ташрифи эса бу рақобатда Япониянинг мавқеини анча мустаҳкамлайди.

Айни пайтда, Токио расмийлари Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги келажакда Осиё давлатларининг умумий бозорини яратиши мумкинлигидан манфаатдор. Элчи Тетсуо Ито бу фикрни қўллаб-қувватлашини айтади:

“Марказий Осиёда умумий бозор пайдо бўлиши айниқса, Қозоғистон учун, шунингдек, минтақани бошқа давлатлари ва Япония учун ҳам жуда фойдали”, – дейди Қозоғистондаги Япония элчиси.

Ўтган йил Андижонда содир бўлган қонли воқеалардан кейин халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматини танқид остига олган эди. Таҳлилчилар, шунга қарамай Коизумининг Ўзбекистонга бориши аҳамиятга молик эканини айтмоқдалар.

Сиёсий таҳлилчиларга кўра, Токио расмийлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Марказий Осиёга тобора кучайиб бораётган таъсирини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ташкилотга Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Россия Марказий Осиёга узоқ вақт таъсирини ўтказа олмагани, Хитойнинг минтақада хозиру-нозирлигига қарамай, Япония ўзининг иқтисодий ва молиявий қудрати билан Марказий Осиёга таъсир этиб, минтақа ресурсларидан фойдалана олиши, шунингдек минтақадаги нефт ва газ заҳираларига Хитойнинг ҳукмрон бўлиши эҳтимолини йўққа чиқариши мумкин.

Маълумотларга кўра, Токио расмийлари Марказий Осиё нефтини Россия ва Хитой ҳудудларини четлаб Афғонистон орқали Ҳинд океанигача қувур қуриш режасини амалга оширишда ёрдам беришни хоҳлайди.

Жуничиро Коизуми 28 август куни Қозоғистонга боради. У президент Нурсултон Назарбоев ва ҳукуматнинг юқори лавозимли бошқа расмийлари билан ҳам музокара олиб боради. Кейин Япония Бош вазири Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва республиканинг бошқа амалдорлари билан музокара олиб бориш учун Ўзбекистонга боради.
XS
SM
MD
LG