Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:58

Туркманистон суди уч фуқаро, жумладан "Озодлик" радиоси мухбирини қамоқ жазосига ҳукм қилди


Туркманистон пойтахти Ашхободда уч фуқаро, жумладан Озодлик радиоси мухбири жавобгарликка тортилди. Атиги бир неча дақиқа давом этган маҳкама жараёнида ҳакамлар айбланувчиларни узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилди. Халқаро Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Туркманистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунларни бузаётганликда айблади.

Озодлик радиоси мухбири 58 ёшли Ўғилсапар Муродова, ҳуқуқ ҳимоячилари 35 яшар Аннақурбон Омонқиличев ва 47 ёшли Сапардурди Хожиев устидан маҳкама Ашхобод шаҳрининг “Озодлик” туман судида 25 август куни ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Туркманистонлик диссидентлар иши одатда айнан шу туман судида кўрилади.


Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи “Туркманистон Хелсинки Федерацияси” раиси Тожигул Бегмедова Сапардурди Хожиевнинг яқин қариндоши. Тожигул Озодлик радиосининг Туркман бўлими мухбири билан суҳбатда бир неча дақиқа давом этган маҳкама ҳақида буларни айтди:

“Адвокатлар берган маълумотига кўра, Сапардурди Хожиев етти йилга қаттиқ тартибли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Аннақурбон Омонқиличиқев ҳам етти йилга, Ўғилсапар Муродова эса олти йилга оддий тартибдаги қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Милиция ходимлари Аннақурбоннинг машинасига ўқлар ташлаб қўйгани унга қарши жиноий иш қўзғатилишига сабаб бўлган. Ўғилсапар Муродова ўзига қўйилаётган айбловни бўйнига олмагани учун ҳакамлар унга оғирроқ жазо белгилашга уринганлар. Сапардурди Хожиев ҳам ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмаганига қарамай, у ҳам озодликдан маҳрум этилди”, – деди “Туркманистон Хелсинки Федерацияси” раиси.

Уччала судланган туркманистонлик фаол жорий йил июн ойи ўртасида ҳибсга олинган. Улар икки ярим ой давомида Туркманистон Миллий хавфсизлик хизмати изоляторида сақланган.

Туркманистон Миллий хавфсизлик вазири Гелдимуҳаммад Аширмуҳамедов 19 июн куни телевидение орқали қилган чиқишида “Туркманистон Хелсинки Федерацияси” фаоли Омонқиличевга асосланиб мамлакатдаги тинч вазиятни издан чиқаришга қаратилган, хориждан молиялаштирилган фитна фош этилганини иддао қилган эди. Шунингдек, вазир мазкур фитнага Ғарблик димломатлар ҳам алоқадор эканини айтган. Бироқ маҳкама жараёнида бу иддаолар ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили Жан-Франкоис Жуллиард суд бошланиши арафасида Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда жиддий хавотир билдирган эди:

“Биз бу маҳкамадан чуқур ташвишдамиз. Чунки судланаётган уччала шахс узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилиш мумкин. Биз Туркманистонда адлия тизими мустақил эмаслигини яхши биламиз. Бу судга ҳеч кимни киритмасликлари мумкин. Маҳбуслар билан учрашиш учун ҳеч кимга рухсат берилмаслиги мумкин. Уларнинг аҳволи қандайлигини биз билмаймиз. Бу суд матбуот ходимлари ва дипломатлар учун ёпиқ. Биз бу суд ва ҳакамлар ҳукми адолатсиз бўлишини олдиндан биламиз”, – деди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили.

Суддан кейин “Туркманистон Хелсинки Федерацияси” раиси Тожигул Бегмедова Жуллиарднинг башорати тўғри бўлиб чиққанини айтди:

“Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, суд ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Суд биносини қуролланган аскарлар ўраб олган. Билишимизча, ўша кунга белгиланган бошқа ҳамма судлар қолдирилган. Аннақурбон Қиличев ва Ўғилсапар Муродованинг адвокатларига суд бошланиши ҳақида расмий билдиришнома берилмаган. Адвокатларга ўз мижозлари билан учрашишларига, уларга сув ва озиқ-овқат келтириб беришларига рухсат этилмаган”, – деди “Туркманистон Хелсинки Федерацияси” раиси.

Тожигул Бегмедова озодликдан маҳрум этилган фаоллар адвокатлари суд ҳукми юзасидан юқори органларга шикоят аризаси билан мурожаат қилишларини айтди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти чиқарган баёнотда матбуот эркинлиги умуман бўлмаган Туркманистонда суд уч нафар фаол устидан чиқарган ҳукмни “мантиқсиз, адолатсиз ва шармандалик” дея бахолаган.
XS
SM
MD
LG