Линклар

Оқтовда вазият таранглигича қолмоқда


Қозоғистоннинг Отров вилоятидаги Оқтов шаҳрида 20 август куни бўлиб ўтган қарийб минг кишилик норозилик акциясидан буён шаҳарда турли кўринишдаги тартибсизликлар давом этмоқда.

Митингда оқсувликлар шаҳар ҳокими Виктор Кохнинг истеъфосини талаб қилган, унинг ўрнига қозоқ миллатига мансуб киши тайинланишини сўраган эди. Акция ўтказилган куниёқ унинг миллатчилик кўринишига эга бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Чунки ўша куни шаҳарда лезгинлар, чеченлар ва озарбойжонларга қарашли бир қанча дўкон ва қаҳвахоналар вайрон қилинганди. Митингдан сўнг миллатчилик кўринишидаги варақалар тарқатилгани ҳам хабар қилинмоқда.

Вилоят расмийлари шаҳардаги тартибсизликлар натижасида жароҳат олганлар бўлмаганини таъкидлайди. Бироқ “31-телеканал” тарқатган хабарга кўра, айни пайтда 16 ёшли Алена Браславская шифохонада оғир аҳволда ётибди. Маълум бўлишича, Алена кетаётган таксига митинг иштирокчилари бензин солинган шиша идиш улоқтирган. Машинада ёнғин содир бўлиши туфайли Алена оғир жароҳат олган. Унинг юз қисми бутунлай куйиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, намойиш бўлган куни уни тасвирга олаётган телеоператор ҳам полициячилар томонидан калтакланган ва боши ёрилган, видеокамераси эса синдирилган эди. Рухсат этилмаган митингда иштирокчиларидан 88 киши ҳибсга олинган. Улардан 2 таси аёл, 9 нафари вояга етмаган ўсмирлардир.

”Trend.az” сайти тарқатган маълумотга кўра, ҳибсга олинганлар орасида Ўзбекистоннинг ҳам бир неча фуқароси бўлган. Аммо айни пайтда улар нима мақсадда митингга қатнашгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Отров вилояти ҳудудида миллатлараро зиддиятлар тез-тез кузатилади. 1989 йилнинг ёзида Жанаузенда туб аҳолининг лезгинлар ва чеченлар билан қонли тўқнашувлари бўлиб ўтган. Кейинчалик ҳам қозоқлар билан кавказликлар ўртасидаги зиддиятлар бир неча марта такрорланган. 2005 йилда Отров аҳлининг турк ишчилари билан оммавий муштлашуви юз берган, унда ҳар икки томондан беш юздан зиёд киши қатнашганди.
XS
SM
MD
LG