Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:38

Ўш шаҳрида шу йилнинг 12 майида Қирғизистон ва Тожикистондаги чегара-божхона постларига ҳужум уюштирилгани иши юзасидан ҳибсга олинган олти киши устидан суд жараёни бошланди


Абдуллоҳ Эргаш Судланаётганларнинг беш нафари Қирғизистон, бири эса Тожикистон фуқаросидир. Судланаётганлардан бири аёл киши. Уларнинг барчаси Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида яшаган.

Боткен вилояти прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, қора курсидагиларнинг икки нафари 12 майда бевосита Қирғизистон-Тожикистон чегара пунктларига ҳужум қилишда айбланмоқда. Улардан бири Миролим Раҳмонов 12 май куни жангарилар билан Қирғизистон ҳарбийлари ўртасидаги отишма пайтида қўлга олинган. Тожикистон фуқароси Нурилло Хўжаев эса бир неча кундан кейин ушланган. Судланувчилар Талантбек Жўраев, Маҳаммаднур Жўраев, Мадаминали Шодиев ва Дилноза Нишонбоева эса террорчилар билан ҳамкорлик қилишда айбланмоқда.

Вилоят прокуратураси судланувчиларнинг айблари тўла исботланганини билдирмоқда. Бироқ судланувчи Т.Жўраевнинг опаси Гулнора тергов пайтида қонунбузарлик ҳолатлари бўлганини айтяпти.

“Укамизга қандай айб қўйилганини билмаймиз. Чунки у қамалгандан бери бирон марта учраштирилмадик. Бунинг устига, бизга унга қандай айб қўйилгани ҳақида ҳеч нарса айтилмади. Укам ўзи касалманд, ногирон. У касаллиги туфайли бунақа ишларга аралаша олмайди. У фақат беш вақт намоз ўқигани учун қамалди”, - деди Гулнора.

Прокуратура айбловига кўра, судланувчи Дилноза Нишонбоева террорчи гуруҳнинг мафкуравий ҳамкори бўлган. Бироқ унинг турмуш ўртоғи Нуруслан Алимов бу жиноят иши фақат ҳисобот учунгина тўқиб чиқарилган, деб ҳисоблайди.

“Ҳуқуқ-тартибот тизимлари Мадаминга Тожикистондан келган жангариларни меҳмон қилган, деган айбни қўймоқда. Аёлим унинг (Мадаминнинг) сингилларига дарс берган эди. Аёлинг унинг сингилларини ўқитган бўлса, демак жангарилар билан ҳамтовоқ экан, деб қамадилар”, - деди Р.Алиев.

Боткен прокуратураси судланувчилар ўшлик Мирзааҳмад Раимжоновнинг “Мерседес” автомашинасини эгаси билан ўғирлаб кетиб, ундан фойдаланганини билдиряпти. Судда жабрланувчи сифатида иштирок этаётган унинг ўғли Анвар Раимжонов ҳуқуқ-тартибот ходимлари 4 ойдан буён отасини топа олмаганини маълум қилди.

“12 май куни бедарак кетган отамдан ҳалигача дарак йўқ. Қадамжойга бориб, милиция ходимлари билан бирга уни тўрт ой қидирдик. Бирон хабар топмадик. Ҳуқуқ- тартибот тизимлари отамни қидириб топиш учун деярли ҳаракат қилмаётир”, - дейди А.Раимжонов.

Суднинг биринчи мажлиси жуда қисқа бўлди. Чақирилган гувоҳлар келмагани учун суд мажлиси бошқа кунга қолдирилди.

Боткен вилояти прокуратураси вакиллари мазкур жиноят иши ва айбланувчиларнинг қариндошлари билдирган фикрлар юзасидан шарҳ беришдан бош тортди. Прокуратуранинг айтишича, мазкур жиноят иши 12 томдан ва юзлаб ашёвий далиллардан иборатдир.

Эслатиб ўтамиз, 12 май куни бир гуруҳ қуролли шахс Қирғизистон ва Тожикистон чегара-божхона пунктларига ҳужум қилиб, Қирғизистон ҳудудига ўтиб яширинганди. Ўтказилган аксилтеррор амалиёти пайтида Қирғизистоннинг олти ҳарбийси ҳалок бўлган, жангарилар ва уларга кўмак кўрсатган олти киши қўлга олиниб, яна тўққиз кишига нисбатан қидирув эълон қилинганди.
XS
SM
MD
LG