Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:08

Кофи Аннан Эҳуд Олмертни кўндира олмади


Яқин Шарққа сафар қилаётган БМТ бош котиби Кофи Аннан Исроил бош вазири Эҳуд Олмертни Ливанга сув ва ҳаво қатнови учун жорий қилган чекловини бекор қилишга кўндира олмади.

Қуддусда ўтказилган учрашувдан сўнг Кофи Аннан Исроил бош вазирини Ливанга жорий этилган қамални бекор қилишга кўндира олмагани маълум бўлди. Э.Олмерт ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувнинг ҳамма банди бажарилмагунча Ливанга қарши сув ва ҳаво қатнови учун жорий этилган чеклов бекор қилинмаслигини айтди.

Бу масала Кофи Аннан ўз сафари давомида дуч келаётган муаммолардан бири экани айтилмоқда. Бош котиб Яқин Шарққа ташрифи чоғида минтақа давлатлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётир. У БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган 1701-резолюцияга барча гуруҳлар риоя қилмаса, ўт очишни тўхтатиш амалга ошмаслигини алоҳида таъкидлади.

“БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси амалга тадбиқ этилиши шарт бўлган ҳужжатдир. Ҳар ким ўз билганча иш юритиши мумкин эмас. Биз бу резолюция талабларини бажаришимиз керак”, – деди К.Аннан.

Бош котиб Исроил ва “Ҳизбаллоҳ” ўртасида уруш бошланишининг асосий сабаби, яъни исроиллик ўғирлаб кетилган икки аскарни ўз ватанига қайтариш масаласини ҳам муҳокама қилди. “Ҳизбаллоҳ” асирларни Исроил қамоқхоналарида сақланаётган ливанлик ва фаластинлик маҳбусларга алмашишини билдирди.

Бироқ Исроил бош вазири Э.Олмерт исроиллик ҳарбийлар ҳеч қандай шартсиз қайтариб берилишини талаб қилмоқда.

“1701-резолюциянинг энг муҳим банди ўғирлаб кетилган исроиллик аскарлар Эҳуд Голдвассер ва Элдад Регевни ҳеч қандай шартсиз ўз ватанига қайтаришдир. Токи бу банд бажарилмагунча, резолюция бажарилади, деб бўлмайди”, – деди Исроил бош вазири.

Исроил қўшинларининг Ливандан қачон тўлиқ олиб чиқилиши ҳам ҳозирча муаммо бўлиб турибди. Кофи Аннан Ливан жанубига БМТнинг 5000 аскардан иборат халқаро тинчликпарвар кучлари жойлаштирилгандан сўнг Исроил Ливандан ўз қўшинларини олиб чиқишига умид қилди.

“БМТнинг халқаро тинчликпарвар кучлари сонини имкон қадар тез фурсатда кўпайтириш учун мен ҳукуматлар билан иш олиб бораман. Ҳозир Ливан жанубида 2500 нафар аскардан иборат халқаро тинчликпарвар кучлар бор. Яқин кунлар ва ҳафталар ичида улар сонини беш мингга етказишга ҳаракат қиляпмиз. Биз қўшинларни жойлаштиришимиз баробарида Исроил ўз кучларини Ливандан олиб чиқишни давом эттиради. Халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш тугаганида Исроил ўз қўшинларини Ливандан тўлиқ олиб чиққан бўлишига умид қиламиз”, – деди К.Аннан.

Кофи Аннан 30 август куни Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан ҳам музокара ўтказди. Байрут, Қуддус ва Рамаллоҳга ташриф буюрган БМТ Бош котиби чоршанба куни кечки пайт Иордания пойтахти Уммонга борди. Кофи Аннаннинг Иорданиядан кейин Сурия ва шанба куни Эронга боришини режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG