Линклар

logo-print

Айдаҳодаги ўзбеклар қайтмоқда, "Аждаҳо коми"гами ёки...

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШдан паноҳ топган андижонликларнинг учинчи гуруҳи ватанга қайтишга ёрдам сўраб Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига мурожаат этди. Бу гуруҳда 60 киши борлиги айтилмоқда.

2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин ўзбекистонлик 400 дан зиёд қочқин Қирғизистондан аввал Руминияга, сўнг эса учинчи давлатларга олиб ўтилганди. Улардан 150 нафарини АҚШ қабул қилганди. Ўтган ой улардан 12 нафари, кейин эса 41 нафари Ўзбекистонга қайтди.

Ватанига қайтишга тадорик кўраётган қочқинларнинг навбатдаги гуруҳи таркибида 60 киши бор. Улар АҚШга келгандан кейин Айдаҳо штатига жойлаштирилганди.

Айдаҳода яшаб, қочқинлар билан доимий алоқада бўлиб турган ўзбекистонлик муҳожир Акрам Муҳаммедовнинг маълум қилишича, 60 қочқин ҳужжатларини Ўзбекистон элчихонасига топширган. Ҳозир улар жавоб кутмоқда. Уларнинг кўпчилиги қариялар. Бир гўдак ҳам бор.

“Асосан кекса ёшдаги қочқинлар Ўзбекистонга қайтиш қарорида. Айрим ёш андижонликларнинг эса Ўзбекистонга қайтгиси йўқ. Мен улар билан гурунг қилганимда Ўзбекистондаги яқинларидан қайтмаслик ҳақида тавсия олганини айтишди”, - дейди А.Муҳаммедов.

А.Муҳаммедов АҚШда паноҳ топган ўзбек қочқинларидан бири юрак хуружидан вафот этиб, жасади дафн этиш учун Андижонга юборилганини билдирди.

БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги вакиласи Елен Коу ватанга қайтишни қочқинларнинг шахсий иши, деб билишини ва у ишлаётган идора уларнинг қайтишига масъул эмаслигини таъкидлади.

“Ватанга қайтиш ҳақида барча қочқин эмин-эркин қарор қабул қилишга ҳақли ва бу уларнинг шахсий иши. АҚШдан бошпана олган қочқинларнинг кўпчилиги у ердаги яшаш тарзи, америкача маданиятга мослаша олмаслигини айтди. Улардан кўпчилигининг оила аъзолари, ёш болалари Ўзбекистонда қолган ва биз буни тушунамиз. Айни пайтда биз уларга Ўзбекистонга қайтган тақдирда қочқинлик мақомини йўқотиши мумкинлигини ҳам тушунтирдик”, - деди Елен Коу.
XS
SM
MD
LG