Линклар

Халқаро атом энергияси агентлиги Эроннинг ядровий дастури хусусида БМТ Хавфсизлик кенгашига хисобот берди

  • Ҳасанжон

Халқаро атом энергияси агентлиги Эрон уранни бойитиш дастурини тўхтатиш ҳақидаги БМТ талабини бажармагани ҳақида БМТ Хавфсизлик кенгашига хисобот берди. Теҳрон расмийлари БМТ талабини бажариш ниятида эканига ҳеч қандай ишора қилмагани боис Халқаро атом энергияси агентлиги жавоби салбий бўлиши кутилаётган эди.

Халқаро атом энергияси агентлиги БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этган махфий ҳисоботида белгиланган муддат тугаганига қарамай, Эрон уранни бойитиш ишларини давом эттираётгани билдирилган. Мазкур ҳисобот Хавфсизлик кенгаши томонидан Эронга қарши санкциялар қўллашга йўл очди.

Халқаро атом энергияси агентлиги хисобот тақдим этишига бир неча соат қолганда Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод БМТ талаби бажарилмаслигига аниқ ишора қилди. Эроннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Урумия шаҳрида телевидение орқали чиқиш қилган Аҳмадийнажод:

“Эрон халқи босим ва тажовузга заррача тоқат қилмаслигини улар билишлари лозим. Эрон халқи ўз ҳуқуқлари бузилишини қабул қила олмайди”, – дея баёнот берди Эрон раҳбари.

Аҳмадийнажод Эрон ядро технологиясининг барча соҳаси, жумладан уранни бойитиш технологиясидан тинч мақсадда фойдаланиш ҳуқуқига эгалигини анча вақтдан бери таъкидлаб келмоқда. Бойитилган урандан атом станциясида ёнилғи сифатида фойдаланиш мумкин ёки ундан атом қуроли тайёрлаш мумкин.

31 июл куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Теҳрон расмийлари бир ой ичида ўзининг уранни бойитиш дастурини тўхтатиши ёки Эронга нисбатан санкциялар жорий этилиши мумкинлиги ҳақида резолюция қабул қилган эди.

30 август куни АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон Халқаро атом энергияси агентлиги салбий ҳисобот тақдим этиши билан Вашингтон расмийлари халқаро миқёсда музокаралар бошлашини билдирди:

“Муддат тугаган пайтда агар эронликлар уранни бойитиш билан боғлиқ барча фаолиятни тўхтатмаган бўлса, БМТ резолюцияси талаби бажарилмаган бўлса, Ташқи ишлар вазирлари, жумладан Россия ва Хитой Ташқи ишлар вазирлари билан ўзаро келишилган чоралар, яъни санкцияни қандай қилиб жорий қилиш масаласида музокаралар бошлашимиз керак бўлади”, – дея баёнот берди Жон Болтон.

АҚШ, Британия, Франция ва Германия Эрон махфий равишда атом бомбаси яратишга уринаётганидан хавотирда. Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиши кераклиги ҳақидаги БМТ резолюциясини Россия ва Хитой ҳам қўллаб-қувватлаган. Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлган беш давлат ва Германия Теҳрон расмийлари ўзининг уранни бойитиш дастурини тўхтатиши эвазига Эрон билан иқтисодий манфаатли ҳамкорлик ҳақида таклифлар берган. Аммо Теҳрон расмийлари бунга жавобан музокараларни давом эттиришни таклиф қилган холос.

Кузатувчилар фикрича, энди ҳамма гап дунёнинг етакчи давлатлари Эронга қарши санкциялар жорий этиш масаласида келиша олиши ёки келиша олмаслигида. Вашингтон ва Лондон расмийлари Эронга нисбатан қатъий чоралар кўришни истайди. Эрон билан яхши савдо алоқаларини йўлга қўйган Германия ва Франция эса мўътадил позицияни эгаллаган. Теҳрон билан яқин савдо ва сиёсий алоқада бўлган Россия ва Хитой эса юзага келган бўҳрон дипломатик йўл орқали ҳал этилиши тарафдори.

АҚШ дипломатларига кўра, шунга қарамай, Вашингтон расмийлари йиллар давомида Эронга қарши босқичма-босқич жазо чоралари кўришга ҳаракат қилади. Айни пайтда, санкциялар Теҳрон расмийларини ўз қарорини ўзгартиришга мажбур қилиши ёки мажбур қила олмаслиги ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG