Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:53

Қозоқ мухолифати етакчисининг қотиллари устидан ҳукм ўқилди


Қозоғистоннинг Талдиқўрғон судида мухолифатнинг таниқли етакчиси Олтинбек Сарсенбоевнинг ўлдириши юзасидан суд жараёни ниҳоясига етди. Айбланувчиларга суд ҳукми ўқилди.

Суд Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ ходими Рустам Ибрагимовни ўлим жазосига ҳукм қилди. Сенат девонининг собиқ раҳбари Ержон Ўтембоев ва Виталий Мирошников 20 йилдан озодликдан маҳрум этилди. Уларнинг мол-мулки мусодара қилинади. Суд қолган етти айбланувчига 3 йилдан 14 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазоси белгилади. Жабрланувчилар фойдасига судланувчилардан 9 миллион танга маблағ ундириладиган бўлди.

Давлат қораловчиси Владимир Кириленконинг айтишича, Е.Ўтембоев бу қотилликка буюртма берган. Р.Ибрагимов эса уни амалга оширган.

Судланувчиларнинг 6 нафари Миллий хавфсизлик қўмитасининг “Аристон” махсус отряди ходимларидир.

О.Сарсенбоев ва ёрдамчиларининг жасадлари 13 февраль куни Олмаота шаҳри яқинидаги қишлоқлар ўртасидаги йўлдан топилган эди. 44 ёшида оламдан ўтган О.Сарсенбовнинг асли касби журналист бўлиб, 1992 йилнинг мартидан Қозоғистон президенти девони ва Вазирлар Маҳкамасининг маданият ва миллатлараро муносабатлар бўлимини бошқарган. Кейинчалик ахборот вазири, Хавфсизлик кенгаши котиби, Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси вазифаларида ишлаган. 2003 йил декабрь ойидан бошлаб “Оқ жўл” партияси ҳамраиси, партия бўлингач эса “Ҳақиқий оқ жўл” партияси ҳамраиси сифатида фаолият кўрсатаётган, қозоқ мухолифатининг “Адолатли Қозоғистон учун” ҳаракати фаолларидан бири эди.

Мухолифат вакиллари таниқли сиёсатчининг ўлдирилиши ҳукумат томонидан буюртма асосида амалга оширилган, деб ҳисоблайди.

Айбланувчилар 15 кун ичида суд ҳукми юзасидан апелляция бериш ҳуқуқига эга. Ўлим жазосига ҳукм қилинган Рустам Ибрагимов эса жазонинг юмшатилишини сўраб Қозоғистон президентига мурожаат қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG