Линклар

Ўшда яна отишма


Абдуллоҳ Эргаш 2 сентябрь куни кечга яқин Ўш шаҳрининг Турон мавзесида бир неча соат давом этган отишмада Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси экани айтилаётган наманганлик Расул Охунов ўлдирилди.

Хабарларга кўра, милиция ходимлари Турон мавзесининг Южний кўчасидаги 23-уйда яшовчи Тўлқинбек Холдоровни иш жойидан машинага ўтқазиб, уйига олиб келган вақтда, яъни кеч соат олтиларда бу маҳаллада отишма бошланиб кетган. Гувоҳлар отишма икки-уч соат давом этганини айтмоқда.

“Биз автомат билан қуролланган ниқобли ҳарбийларни кўрдик. Улар ўқ ота бошлади. Кейин уйимизга бир милиционер кириб,ўша уйда жиноятчи қўлга олинаётганини айтди. Кейин биз уйимиздан чиқариб юборилдик. Жиноятчиларда гранаталар борлиги, биз кўчага чиқиб хавфсиз жойга беркинишимиз ҳақида буйруқ беришди. Катта отишма, портлашлар бўлди. Жуда кўп милиция келди. Жуда қўрқинчли воқеа бўлди”, - дейди воқеа гувоҳи Дамира Юсупова.

Кейин маълум бўлишича, Т.Холдоровнинг уйига воқеа гувоҳлари айтгандай ҳизбчилар ёки қандайдир жиноятчилар эмас, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси яширинган экан. Бу ҳақда “Фарғона. ру” агентлиги хабар берди. Агентликнинг ёзишича, амалиёт пайтида “Лейтенант”, “Бахтиёр”, “Мурод” лақабли, 1968 йили Наманганда туғилган Расул Охунов ўлдирилган. У Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан 1997 йилдан бери қидирувда бўлган.

Қирғизистон махсус хизматлари томонидан бу борада Бишкекда ҳам, Ўшда ҳам расмий ахборот берилмади. Ўш вилояти миллий хавфсизлик хизмати расмийлари бу борада 4 сентябрь душанба куни махсус баёнот берилишини маълум қилди.

“Фарғона.ру” ахборот агентлиги эса Р.Охунов 6 август куни Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт пайтида қочишга улгурганини хабар қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 6 август куни ўтказилган махсус амалиёт пайтида қирғизистонлик таниқли дин арбоби Муҳаммадрафиқ Камолов террорчи экани айтилаётган икки шахс - Аюбхўжа Шаҳобиддинов ва Фатхулло Раҳимов билан бирга отиб ўлдирилган эди. Террорчи экани тахмин этилаётган Расул Охунов ҳам, “Фарғона.ру”да ёзилишича, ўша амалиёт пайтида мана шу одамлар билан бирга бўлган ва қочишга улгурган.

“Ўшлик чекистларга Расул Охуновнинг Ўшда яшириниб юргани ҳақидаги маълумот боткенлик ҳамкасблари томонидан берилган”, - деб ёзади “Фарғона.ру”.

Айни пайтда Р.Охунов яширинган уй эгаси Тўлқинбек Холдоров Ўш милициясида сақланаётгани айтилмоқда. Унинг Р.Охуновга, Ўзбекистон исломий ҳаракатига қандай алоқаси борлиги ҳозирча аниқ эмас. Т.Холдоровнинг хотини эса Р.Охунов уларнинг уйига босқинчи сифатида кириб олганини, оиласи уни ҳатто танимаслигини билдирди.

“Мен бу одамни мутлақо танимайман, қуроли борлигини ҳам билмайман. Отишма бошланганда биз уйга қамалиб қолдик. Милиция ходимлари бизни бир амаллаб ташқарига олиб чиқди. Билганим шу холос”, - деди Т.Холдоровнинг хотини.
XS
SM
MD
LG