Линклар

logo-print

"Медуза" толибларни домига тортмоқда

  • Ҳасанжон

НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар Афғонистон жанубида кенг кўламли “Медуза” операциясини амалга оширмоқда. 2 сентябрдан буён ўтказилаётган операция натижасида шу кунгача толибларнинг юзлаб жангариси йўқ қилинди.

“Медуза” операцияси, асосан, толиблар жангарилари анча фаоллашиб, террор ҳужумлари тез-тез уюштираётган Қандаҳор, Хилманд ва унга қўшни вилоятларда ўтказилмоқда.

Афғонистон полицияси душанбага ўтар кечаси Хилманд вилоятида содир бўлган отишмада толибларнинг 16 жангариси ва уч полициячи нобуд бўлганини билдирди. Ғармшер туманида рўй берган тўқнашувда эса 10 жангари яраланди. Қандаҳор вилоятида НАТОга қарашли самолётлар янглиш уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида канадалик бир аскар ҳалок бўлди, бир неча ҳарбий яраланди.

НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар қўмондони генерал-лейтенант Дэвид Ричардс тўқнашувлар давомида толибларнинг юзлаб жангариси ўлдирилганини тасдиқлади.

“Толибларнинг 200 дан ортиқ жангариси ўлдирилгани тўғрисидаги маълумот тўғрилигига ишонаман. Жуда кўп жангари ўлдирилгани, албатта, ачинарли ҳол. Чунки кўплаб одам ҳаётдан бевақт кўз юмишини ҳеч ким хоҳламайди. Жанглар давомида Афғонистон полиция кучлари бир неча жангарини асир олди”, - деди НАТО кучлари қўмондони.

Генерал Қандаҳор шаҳридан 35 километр нарида жойлашган Панжвайида ўтказилган ҳарбий амалиёт пайтида 80 жангари асир олинганини маълум қилди. Ҳарбий амалиётларда НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар жуда оз талофат кўрди.

“Кечаги тўқнашувларда халқаро тинчликпарвар кучларнинг тўрт аскари нобуд бўлди. Хабарингиз бор, яна бир ҳарбий 4 сентябрь куни бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлди. Ҳозирча бошқа талофатлар ҳақида маълумот олганимиз йўқ”, – деди Д.Ричардс.

4 сентябрь куни Покистон Ташқи ишлар вазирлиги президент Парвез Мушарраф Афғонистон раҳбари Ҳомид Карзай билан учрашиш учун яқин фурсатда Кобулга бориши ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Аммо вазирлик президент 5 сентябрда Кобулга бормаслигини аниқлигини билдирди.

П.Мушарраф ва Ҳ.Карзай терроризмга қарши кураш ва икки мамлакат учун муҳим бўлган бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG