Линклар

logo-print

Нурдан қурилган ҳайкал

  • Садриддин Ашур

Тожикистондаги ўзбек мактабларида ўзбек тилидаги дарсликлар етишмовчилигининг ечимини топиш мақсадида Сўғд вилоятининг Жаббор Расулов туманида янги ўзбек кутубхонаси очилди.

Тожикистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси Турсунали Алиев бу кутубхонани ўз ҳисобидан қуриб, фойдаланишга топширди.

Шоир ва журналист Т.Алиев илгари узоқ йиллар Ўзбекистон давлат телерадиокомпаниясида ишлаган. Асли Жаббор Расулов туманининг Гулақандоз қишлоғидан. Туман туб аҳолисини ўзбеклар ташкил этади.

“Ўзбекистон билан қўни-қўшничилик муносабатлари совуқлашгандан кейин ўзбек мактаблари дарсликларга шунчалик муҳтож бўлиб қолдики, бир синфда ўқитувчида бор-йўғи битта китоб бор. Халқ китобга муҳтож. Агар давлатлар юзлаб қонунлар билан борди-келдини тақиқласа ҳам, чегараларни ёпиб қўйса ҳам халқ ўзига керакли нарсани олиш йўлини топади. Керак бўлса, қопларга кўтариб, дарсликларни етказиб келдик”, - дейди Т.Алиев.


Т.Алиев мавжуд дарсликлар муаммосини ҳал қилиш учун Ўзбекистондаги “Шарқ” ва “Ўқитувчи” нашриётлари билан шартнома тузган.

“Шу китобларни кирилл алифбосида тўхтатмай чоп қилиб бераётган Ўзбекистондаги нашриётларга минг раҳмат. Ўтган ҳафта 6-синфлар учун минг дона математика дарслиги олиб келдим. Бундан ташқари, Тошкентдаги хусусий босмахоналар ҳам буюртма қабул қиляпти”, - дейди Т.Алиев.

Унинг сўзларига кўра, ҳали китоб сотиб ҳеч ким бойиб кетгани йўқ. Бу миллатнинг келажаги учун қилинадиган бир хайрли иш, холос.

“Масалан, мен 2004-2005 ўқув йилидагини ҳисобласам, шахсан 1,5 минг доллар зарар кўрибман. Бу йил ҳам ҳеч қандай фойда олганим йўқ. Лекин бу ерда гап миллатнинг келажаги ҳақида боряпти. Мақсад - келажак авлодимиз ўзимизнинг адабиётимиздан, тарихимиздан бебаҳра қолмасин”, - дейди Т.Алиев.

Унинг таъкидлашича, битта кутубхона очилгани билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Чунки Сўғд вилоятидаги мактабларнинг ярмида ўзбек тилида ўқитилади.

Туман аҳли зиёкорлик билан шуғулланаётган Т.Алиевга миннатдорлик билдиряпти.

“Гапнинг очиғи, Т.Алиев ўзига битта ҳайкал қурди. Вақти етиб темир, бронза ҳайкаллар емирилади. Лекин яхшиликдан қурилган ҳайкалнинг ҳаёти боқий бўлади. Чунки бунинг замирида нур билан зиё бор”, - дейди “Мустақил тонг” газетаси бош муҳаррири Мирзаҳаким Қобилов.

Т.Алиев янги китоб марказида Интернет тармоғини ҳам ишга тушириш ниятида.
XS
SM
MD
LG