Линклар

logo-print

Дадахон Ҳасан ҳимоячиларини суд залига киритмасликни сўради

  • Абдулла Искандар

5 сентябрь куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида таниқли шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасанов устидан ўтказилаётган суд жараёнининг навбатдаги мажлиси бўлди.

Ҳофизнинг ҳимоячиси Суръат Икромовнинг билдиришича, Д.Ҳасанов ўз ҳимоячилари суд залига киритилмаслигини сўраган. У бу талабни ички ишлар ходимлари босими остида қилган бўлиши мумкин.

Д.Ҳасанов Ўзбекистон президентини ҳақорат қилиш, конституциявий тузумга тажовуз, жамоатчилик хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ёки тарқатишда айбланмоқда.

2006 йил 31 июль куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳофизнинг таржимаи ҳоли сўралган ва суд мажлиси бошқа кунга қолдирилган эди.

Кузатувчиларнинг айтишича, шу куни суд биноси атрофида Тошкентдаги турли ташкилотлар, элчихоналар вакиллари тўпланган. Улар суд мажлисида жамоатчилик номидан иштирок этишни сўраган. Аммо бу талаб қондирилмаган.

Адвокатларнинг билдиришича, Дадахон Ҳасан нисбатан айблов хулосаси фуқаро Ҳусниддин Авазовнинг чақимчилигига асосланган. Чақимчининг билдиришича, рўйхатга олинмаган “Эрк” партияси аъзолари Ҳазрат Аҳмедов ва Жамол Қутлиев йўналишли таксида кетаётганида Дадахон Ҳасановнинг Андижон воқеаларига бағишланган қўшиқларини тинглаган.

Номлари келтирилган бу икки шахс қўшиқ тинглагани учун 7 йилга қамалди. 2006 йил 12 апрелда эса Д.Ҳасановнинг уйида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари тинтув ўтказган ва у ердан турли қўлёзмалар, Интернетдан олинган материаллар, “Озодлик” радиосига берилган интервью ва муаллиф ижросидаги қўшиқлар ёзилган аудиокассеталар топилган.

Дадахон Ҳасанов Ўзбекистонда таниқли ва кўпчилик суйган халқ ҳофизи бўлиб, 1965-1990 йилларда жуда кўплаб мухлисларига эга эди. У Совет даврида ҳам Давлат хавфсизлик қўмитаси ва милиция томонидан бир неча бор таъқиб қилинган. Жумладан, маълум бўлишича, 1976 йилда Тошкентдаги Свердлов номидаги концерт залида ўтган концертдан кейин Д.Ҳасанов милиция томонидан ушланиб, беш кун давомида вақтинчалик қамаш камерасида сақланган эди.

1992 йилдан бошлаб Дадахон Ҳасановга Ўзбекистон телевидениеси ва радиосидагина эмас, балки тўйларда ва кўпчилик тўпланган бошқа жойларда ҳам қўшиқ куйлаш маън қилинган.

Ҳофиз айни пайтда ўзига қўйилаётган айбларга ҳам иқрор бўлаётгани йўқ.

“Мен ўзимни мутлақо айбдор ҳисобламайман. Мен қўшиқ куйлаганман, холос”, - деган эди Дадахон Ҳасанов.

Д.Ҳасанов Горбачев демократияси пайтида қўлига соз олиб, ўзбек ҳалқи дардларини куйлаган ижодкор сифатида тарихга кирди. “Михаил Горбачев, сизга айтар нолаларим бор”, - деб куйлаган эди ўшанда ҳофиз.

Унинг халқ ичида машҳурлиги ҳукуматга тинчлик бермай келди. 90-йиллар бошида у қамоққа олиниб, Ички ишлар вазирлиги ертўласига ташланди. Озод этилгач, узоқ йиллар давомида махсус хизматлар назорати остида яшади. Мамлакат ичида ва ташқарида ҳаракатланиш учун ҳофиз махсус хизматлардан рухсат олиши шарт эди.

Дадахон Ҳасан ўз қўшиқларида адолатсизликларга, ҳукумат амалдорларининг оддий кишиларга нисбатан амалга ошириб келаётган ҳуқуқбузарликларига нисбатан халқ ғазабини ифода этди. Ўзбекистонда ҳофизнинг бу мавзудаги қўшиқлари кенг тарқалган.

“Андижонда қатлиом бўлди” номли қўшиқда қуйидаги мисралар бор:

Эшитмадим деманглар,
Маликалар, башанглар,
Сиз, эй, аҳли гаранглар -
Анжанда қатлиом бўлди.
Президент буйруқларидан,
“Калашников” ўқларидан
Халқ ўқ еб қуйруқларидан -
Анжанда қатлиом бўлди.


Д.Ҳасанов устидан бошланган суд мажлиси 7 сентябрга қолдирилди.
XS
SM
MD
LG