Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:58

Сиёсий маҳбус тақдири юзасидан ташвиш кучаймоқда


Қамоқхонадаги шароит ва ўзига бўлган муносабатдан норозилик тариқасида очлик эълон қилган эронлик сиёсий тутқин Валиуллоҳ Файз Маҳдавийнинг тақдиридан жамоатчиликнинг ташвиши тобора ортиб бормоқда.

Эроннинг амалдаги ҳукуматига мухолиф қуролли гуруҳ – “Мужоҳиддин” халқ ташкилотига хайрихоҳ В.Маҳдавий, хабарларга қараганда, қамоқхонанинг тиббиёт бўлимига ётқизилган. Қамоқхона нозирлари маҳбус ўз жонига қасд қилганидан сўнг бу ерга ётқизилганини айтмоқда.

Валиуллоҳ Файз Маҳдавий ҳали анча ёш – эндигина 21га кириш арафасида. Хабарларга кўра, у эълон қилган очлик 9 кун давом этган ва 2 сентябрь шанба куни ўзини ўта ёмон ҳис қила бошлаган.

Теҳрон яқинидаги “Гавҳардашт” турмасида сақланаётган Маҳдавий қамоқхона шифохонасига ўта оғир аҳволда ётқизилган. Бу ҳақда Гавҳардаштдан вақтинча бўшатилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Амир Саран маълум қилди.

“У кеч соат 8 да оғирлашиб қолди ва биродарларимиз турма нозирларини чақириб, уларга Маҳдавийни шифохонага ётқизиш кераклигини айтишди. Маҳдавий сақланаётган камерадаги маҳбус Каромий Хайрободий унинг деярли ўлим ёқасига келиб қолганини, томирини ушлаб кўрганини, жони чиқиш арафасида ётганини айтиб берди”, - деди Амир Саран.

Давлат амалдорлари эса В.Маҳдавий 3 сентябрь куни ўз жонига қасд қилишга урингани учун шифохонага ётқизилганини билдиряпти.

Қамоқхоналар бошқармаси бошлиғи Суҳроб Сулаймонийнинг айтишича, Маҳдавий дастлаб қамоқхона шифохонасига ётқизилган, сўнгра турмадан ташқаридаги шифрохонага кўчирилган.

У В.Маҳдавийнинг очлик эълон қилгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

В.Маҳдавийнинг адвокати Муҳаммад Али Додхоҳ “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўз мижози билан учраша олмаганини айтар экан: “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг Эрон Конституциясида тан олинган принципларига биноан улар (яъни маъмурлар) ҳар бир ҳолат тўғрисида маълумот бериши лозим. Маълумот бермаслик инсон ҳуқуқларини бузишдир”, - деди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг Маҳдавий тақдиридан ташвишга тушаётгани бежиз эмас. Гап шундаки, ўтган ойда бошқа бир маҳбус – талабалар ҳаракати фаоли Манучеҳр Муҳаммадий қамоқхонада ўлган эди.

Бир ҳафталик очликдан сўнг вафот этган Муҳаммадийнинг ўлими тафсилотлари ҳозирча жамоатчиликка маълум эмас. Шунинг учун кўпчилик унинг ўлими юзасидан мустақил текширув ўтказишни талаб қилмоқда.

Муҳаммадийнинг ўлими Эрондаги бошқа сиёсий маҳбусларнинг тақдиридан ташвишни кучайтириб юборди. Уларнинг кўпчилиги ўз аҳволидан норозилик ифодаси сифатида очлик эълон қилмоқда.

Маҳдавий ўз адвокати билан учрашиш ҳамда Теҳрондаги сиёсий маҳбуслар сақланадиган “Эвин” турмасига кўчирилиш талаби билан очлик эълон қилганди.

“Бошқа турмага ўтказишни талаб қилиш унинг қонуний ҳуқуқидир. Биз бир неча бор бу ҳақда судга мурожаат қилдик, афсуски, уни кўчириш рад этилди”, - дейди адвокат Додхоҳ.

В.Маҳдавий 2001 йилда давлатга қуролли қаршилик кўрсатишда айбланиб қўлга олинган эди. Унинг хайрихоҳ экани айтилаётган “Мужоҳиддин” халқ ташкилоти Ироқда жойлашган бўлиб, Эронга қарши қуролли ҳужумлар уюштирган. АҚШ уни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган.

В.Маҳдавий қўлга олингандан сўнг судланиб, ўлим жазосига ҳукм этилди. Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари унинг устидан ўтказилган судловнинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид ўтказилганини таъкидламоқда.

Хабарларга қараганда, маъмурлар унга 2006 йил Наврўздан сўнг қатл этилишини айтган, лекин кейинроқ ўлим жазоси ўрнига умрбод қамоқ жазоси белгиланди.

Суднинг В.Маҳдавий устидан чиқарилган ҳукмни бироз юмшатиши адвокатлар ва бир қанча халқаро ташкилотларнинг Эрон расмийларига қилган мурожаатлари маҳсули бўлди, дейиш мумкин.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Эрон расмийларига В.Маҳдавийни озодликка чиқариш ёки унинг устидан жамоатчилик иштирокида адолатли судлов ўтказишни сўраб мурожаат қилди.
XS
SM
MD
LG