Линклар

Парвез Мушарраф Кобулга келди

  • Ҳасанжон

Покистон президенти Парвез Мушарраф Афғонистон раҳбари Ҳомид Карзай билан музокара ўтказиш учун Кобулга келди. Бу сафар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бирмунча совуқлашган пайтга тўғри келди.

Сўнгги пайтларда Афғонистоннинг жанубий вилоятларида толиблар жангарилари анча фаоллашиб, тез-тез террор ҳужумлари содир этилмоқда. Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгандан сўнг Кобул расмийлари Покистон ҳукуматини чегара ҳудудларида террорчиларга қарши етарли чоралар кўрмаётганликда айблаган.

Айни шу вазиятда П.Мушаррафнинг Кобулга келиши икки ўртадаги муносабатларга ойдинлик киритиши кутиляпти.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Аҳмад Моҳан “Озодлик” мухбирига Покистон президенти Парвез Мушаррафнинг ташрифи чоғида терроризмга қарши биргаликда кураш масаласи муҳокама қилинишини айтди.

“Музокара чоғида хавфсизлик, Афғонистонни қайта тиклашда Покистоннинг роли, минтақавий ҳамкорлик ва икки томонлама алоқаларга оид бошқа масалалар муҳокама этилади. Биз Покистон ҳукумати ҳозиргидан кўра анча кўп иш қила олишини анча вақтдан бери гапириб келяпмиз. Биз терроризмга қарши курашда Покистон кўпроқ ҳамкорлик қилишига доим умид қилиб келганмиз. Терроризм манбаларини йўқ қилишда Покистон ҳукумати Афғонистон ва халқаро кучлар билан ҳамкорлик қилиши керак”, – деди вазирлик вакили.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Тасним Аслам ҳам икки давлат раҳбарлари ўзаро алоқалар, иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишини билдирди.

П.Мушаррафнинг Кобулга келишидан бир кун олдин Покистон ҳукумати Афғонистон билан чегарадош вилоятлардаги толиблар тарафдори бўлган қуролли гуруҳлар билан тинчлик ҳақида келишув имзолади.

Пешавор шаҳридаги “Ариана” университети раҳбари Абдулла Донишманд “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Афғонистонда зўравонликлар содир этаётган гуруҳларга қарши кураш Покистон манфаатига ҳам хизмат қилишини таъкидлади.

“Афғонистондаги беқарор вазият Покистондаги беқарор вазият демакдир. Агар Афғонистонда кескин вазият юзага келиб, уруш аланга олса, у Покистон ҳудудига ҳам тарқалиши шубҳасиз”, - деди А.Донишманд.

У Парвез Мушаррафнинг Кобулга сафари айрим тушунмовчиликларга барҳам бериб, икки давлат алоқалари яхшиланишига туртки бўлишига умид қилди. Бироқ Афғонистондаги айрим газеталар Покистон раҳбарининг ташрифи натижасида икки давлат муносабатлари яхшиланишига шубҳа билдирди.

П.Мушаррафнинг Ҳ.Карзайдан ташқари Афғонистон парламенти аъзолари билан учрашуви ҳам режалаштирилган. Унинг НАТОнинг Афғонистонга уч кунлик ташриф билан борган бош котиби Яаап де Ҳооп Схеффер билан учрашиши ёки учрашмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Покистон президенти охирги марта Афғонистонга 2002 йилда борган.
XS
SM
MD
LG