Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:57

Қозоқлар айбдорларни Ўзбекистондан қидирмоқда


Жанубий Қозоғистонда одам иммун танқислиги вируси (ОИТВ) билан оғригани айтилаётган 40 гўдакнинг бир нечаси бу касалликни Ўзбекистонда юқтирган бўлиши мумкин.

Болаларнинг ОИТВ билан оғриши ҳолатини ўрганаётган Қозоғистон Бош прокуратураси шундай тахминни илгари сурди.

Бу ҳолатни текшириш жараёнида аниқланишича, ОИТВга чалинган бир гўдак Тошкентда туғилган, тўрт нафари эса Ўзбекистон шифохоналарида даволанган ва касалликни ўша ерда юқтирган бўлиши мумкин.

Кузатувларга кўра, жанубий қозоғистонликларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда, асосан, Тошкент шаҳри шифохоналарида даволанишни маъқул кўради. Бу ҳолат Тошкентда тиббий хизмат кўрсатиш даражасининг юқорилиги билан изоҳланади.

“Тошкентга бориб даволанамиз. Чунки у ерда бизга нисбатан анча арзон ва тиббий хизмат даражаси ҳам Жанубий Қозоғистондагига нисбатан сифатли”, - дейди чимкентликлардан бири.

Сайрам туманидаги шифохоналардан бирида ҳамшира бўлиб ишлайдиган Жамила Абдураимованинг таъкидлашича, Қозоғистонда инсон саломатлигига жуда кам эътибор берилади.

“Тиббий хизмат умуман ноль даражада, десак бўлади. Врачларнинг малакаси паст. Давлат томонидан тиббиёт учун куйинаётган ҳеч ким йўқ. Инсон саломатлиги учун қайғурувчилар деярли топилмайди”, - дейди суҳбатдош.

Айни пайтда Ўзбекистонда даволанган гўдаклар иши бўйича текширувлар давом этмоқда.

Жанубий Қозоғистонда болаларнинг ОИТВ билан оммавий касалланиши бундан бир ой аввал аниқланганди. Дастлаб улар сони 15 та бўлса, кейинчалик 40 нафарга етди. Соғлиқни сақлаш вазири Ербўлат Досаев яна 12 гўдакка ОИТВ ташхиси қўйилиши мумкинлигини айтган. Ҳозиргача касалликни юқтирган болаларнинг тўрт нафари оламдан ўтди. Шу пайтгача касалликнинг аниқ юқиш манбаи маълум эмас.

Маълумотларга кўра, болаларнинг барчаси илгари бошқа касаллик туфайли шифохоналарда даволаниб чиққан. Уларга қон қуйиш муолажаси ўтказилган. Мутахассислар ОИТВ болаларга айнан шу муолажа жараёнида юққан бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Аммо ҳозирча бу тахмин тасдиғини топгани йўқ.

Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Бўлат Жилкишиев эса вилоятда тиббий муаммолар кўпайишига ўзбекистонликларни айблайди. У куни-кеча ўтказилган матбуот анжуманида ОИТВ билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпайишига асосий сабаб Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудда жойлашгани эканини билдирди. Яъни ҳоким ўзбек гастербайтерлари ва фоҳишалари, шунингдек, ўзбекистонликларнинг турли мақсадларда вилоятга келиш кўлами жуда кенглиги бу ерда тиббий эпидемологик вазиятнинг ёмонлашувига сабаб бўлаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG