Линклар

logo-print

Амнистия бўлмади, ҳафсалалар пир бўлди

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистонда навбатдаги тарихий сана - мустақилликнинг 15 йиллиги арафасида амнистия эълон қилиниши ҳақида гап-сўз тарқалганди. Бироқ бу ҳақдаги башоратлар ўзини оқламади.

Ўзбекистонда икки палатали парламент ташкил этилгандан буён амнистияни Сенат эълон қилади. Сенатнинг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси вакили Мавжуда Ражабованинг маълум қилишича, Мустақиллик куни арафасида амнистия эълон қилиш масаласи Сенат муҳокамасига қўйилмаган.

Мустақилликнинг 15 йиллиги арафасида мамлакатда катта амнистия эълон қилиниши борасидаги овозалар тарқалиб улгурган эди. Шу маънода, мустақиллик байрамини эҳтимол бошқалардан кўра кўпроқ кутган минглаб тутқунлар ва яқинларининг ҳафсаласи пир бўлди.

Амнистиянинг энг сўнггиси Сенат томонидан ўтган йил 8 декабрда - Конституция куни арафасида эълон қилинган эди. Мазкур амнистияга мувофиқ муайян тоифадаги юзлаб маҳбуслар озод этилганди. Улар орасида ногирон, кекса ва вояга етмаган маҳбуслар, аёллар ва иқтисодий зарарни қоплаган жиноятчилар ҳам бор эди.

Бироқ Ўзбекистондаги маҳбусларнинг муайян тоифаси аксар ҳолларда авф этилишига кўпроқ умид ва камроқ ишонч билан қарайди, эҳтимол. Гап ноқонуний диний-сиёсий фаолиятда айбланиб қамалган минглаб одамлар ҳақида бормоқда. Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари уларни “Ўзбекистондаги қатағон қурбонлари”, дейишга ҳам одатланган.

Лидия Ҳайдарованинг бугунги кунда уччала фарзанди ҳам ноқонуний диний ташкилотга аъзоликда айбланиб қамоқда қолаётир. 2004 йилда Тошкент ва Бухородаги портлашларга алоқадорликда айбланиб қамалган, саратон касаллигига чалинган 30 ёшли Нилуфар Ҳайдарова ҳам унинг қизи.

Онаси қизининг озод этилишига умид қилиб, Мустақиллик кунини интизорлик билан кутганини айтади.

“Нилуфаримиз озод этилишини кутаётган эдик. Мен уйда тайёргарликни ҳам қилган эдим, кирларини ювиб, ётар жойларини чиройлик қилиб қўйгандим. Нилуфар жуда ҳам касал. Иккинчи гуруҳ ногирони. Қамоқхонада ҳам унга икки марта кимёвий терапия қилинди. Мен уни кутгандим, ҳали ҳам кутяпмиз, балки Конституция кунига амнистия бўлар”, – дейди ҳафсаласи пир бўлган она.

“Халқаро амнистия” ташкилоти вакиласи Майзи Вейчердинг Ўзбекистонда айнан мустақилликнинг 15 йиллиги арафасида амнистия бўлиши ҳақидаги овозалар тасодифий эмаслигини таъкидлади.

“Андижон воқеаларидан сўнг кўплаб одамлар қамалди. Кейин эса Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб қамалганлар амнистия қилиниши ҳақида шов-шувлар пайдо бўлди. Бундай овозалар ҳатто мамлакатни ташлаб қочган айрим андижонликларнинг ватанига қайтишига сабаб бўлган эди. Ҳозир эса кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлгани шу билан изоҳланади”, - деди М.Вейчердинг.

Мустақиллигининг 15 йиллигини Ўзбекистондан бир кун аввал нишонлаган Қирғизистонда ҳам амнистия эълон қилинмади. Қозоғистонда эса Мустақиллик куни 16 декабрда нишонланиб, катта авф режалари ҳақида ҳозирдан айтиляпти.

Туркманбоши авф қарорларини Рамазон ойида эълон қилади. Аммо Ўзбекистоннинг яна бир қўшниси Тожикистонда мустақилликнинг 15 йиллиги 9 сентябрь куни нишонланишидан аввал президент Имомали Раҳмонов юзлаб маҳбусни озод этиш фармонига қўл қўйиб улгурди.
Амнистия асосида Тожикистонда 150 аёл ҳам озод этилди.

Тожикистонда озод этилаётганлар президент И.Раҳмоновга баралла миннатдорлик изҳор этмоқда. Мамлакатда 6 ноябрга бўлиши белгиланган президент сайловидан аввал И.Раҳмонов учун бундай мақтовлар анча қўл келиши мумкин.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонда амнистия масаласига ўзгача ёндашади. Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда сиёсий сабабларга кўра қамалган ҳуқуқ ҳимоячилари ёки эътиқод тутқинлари амнистиясиз дарҳол озод этилиши лозим.

Ўзбекистон ҳукуматининг таъқибларидан қочиб, Ғарб давлатларининг бирида яшаётган таниқли имом Обид қори Назаров ҳам худди шундай фикрда.

“Қамалган мусулмонлар авф этилиши керак бўлган жиноятчилар эмас аслида. Авф этиш уларни қоралаш демакдир. Аслини олганда уларнинг ҳаммаси озод этилиб, кечирим сўралиши керак. Давлат уларга етказилган моддий-маънавий зарарни қоплаши керак”, - дейди Обид қори.
XS
SM
MD
LG