Линклар

Ислом Каримов Россия оғушидан қутулишга уринмоқда...ми?

  • Абдулла Искандар

Таҳлилчилар яқин орада Ўзбекистон ташқи сиёсатида анча-мунча ўзгаришлар бўлишини башорат қилмоқда. Яъни Ўзбекистон Россия оғушидан чиқиб, яна Ғарбга юз буриши кутиляпти.

Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари яхшиланиши ҳақидаги гап-сўзлар олти ойдан бери тинмаяпти. Олти ой ичида Германиянинг турли мавқедаги делегациялари бир неча бор Оқсарой меҳмони бўлди. Ниҳоят август охирига келиб Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида яраш оши пиширилаëтгани элга дастурхон бўлди.

Ўтган ҳафта Тошкентни зиëрат қилган ЕИ делегацияси раҳбари Аҳти Трунен бир сирни ошкор қилди. Унинг айтишича, ЕИ амалдорларининг Ўзбекистонга ташрифи Тошкентнинг алоқаларни тиклашга қарши эмаслиги ҳақидаги “ишоралари”га жавобан амалга оширилган. Бу ишоралар ёки таклифлар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосарларидан бирининг шу йил июнда Хельсинкига ташрифи чоғида берилган.

Куни-кеча Германиянинг “Тагецайтунг” нашри бу ишорат эгаси кимлигига ойдинлик киритди. Германия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Гернот Ерлер мазкур нашрга берган интервьюсида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов унга яна Ғарб оғушига қайтишга тайёрлигини билдирганини маълум қилди.

Унинг айтишича, ўзбек президенти Россия қучоғида ўзини ёмон ҳис этмоқда. У вазир ўринбосарига Ўзбекистон Россия қучоғига қайтди, деган гаплар ҳақиқатдан йироқ эканини тушунтиришга уринган. Президентни Россиянинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида Марказий Осиёда ўз ҳарбий салоҳиятини кенгайтираëтгани ташвишга солган.

“Тагецайтунг”нинг ёзишича, И.Каримов Ғарбга мойиллик борасида Ғарбга ишоратлар юбориб турган. Аммо бу муждалар шу пайтгача зарур қулоқларга етиб бормаган эди.

Хуллас, бирданига икки манба Ўзбекистонниг Россия тўридан қутулишга интилаëтгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Шунингдек, Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети профессори Раҳмон Фармонов ҳам Оқсаройнинг Ғарбга интилиш истагидан гапирди.

Қизиғи шундаки, бундан сал аввалроқ Ислом Каримов Россияга содиқлик ҳақида гапирган эди.

Хўш, шу қисқа даврда нима ўзгарди? Нега И.Каримов Россиядан масофа сақлашга урина бошлади?

Лондондаги Қироллик сиёсий тадқиқотлар институти таҳлилчиси Александр Фёдоров шу каби саволларга жавоб қайтариб, бунинг сабаби “лавозимидан кетишдан қўрқиш” эканини таъкидлади.

“Бир пайтлар Кремль томонидан лавозимга тайинланган Ислом Каримов яна айнан ўша Кремль томонидан ишдан бўшатилишидан қўрқмоқда. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти уни ишдан бўшатиш учун энг самарали воситадир. Бу ташкилот аъзо давлатлар ички ишларига аралашади. Ҳар ҳолда унинг низомида шундай ëзилган. Ички ишлар масаласи эса мамлакат раҳбарини алмаштиришни ҳам тақозо қилиши мумкин”, - дейди А.Фёдоров.

Лавозимдаги умрини узайтириш мақсадида Ислом Каримов энди Ғарбга, тўғрироғи, Германия тарафга қараб мўлтирамоқда. Таҳлилчилар фикрича, немисларнинг Термиздаги ҳарбий базаси шу пайтгача ёпилмагани ҳам И.Каримовнинг лавозимда қолиш илинжи билан боғлиқ.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг таъкидлашича, айнан Германия И.Каримовни қўллаб-қувватлашга бел боғлаган.

“ЕИнинг обрўли аъзоси бўлган Германия Ўзбекистон билан алоқаларни қуюқлаштиряпти. Германия Андижон қатлиомидан кейин Ўзбекистонга жорий қилинган жазо санкциялари бекор қилиниши тарафдори. Шунингдек, ЕИ Германиянинг босими остида Ўзбекистон билан алоқаларни тикламоқчи. Шуниси қизиқки, тарихан Германия умуман ташқи алоқаларда инсон ҳуқуқлари масаласини этиборсиз қолдиради. Балки мустабидлардан азоб кўрган Германия ўз тарихидан сабоқ чиқариб, бошқача хулосага келиши мумкин, деб ўйлаш керакдир. Аммо бундай бўлмаяпти. Германия Ислом Каримов тарафдори. Термиздаги база эса бу тарафдорлик мевасидир”, - деди К.Мюррей.

К.Мюррей Германиянинг И.Каримовга тарафдорлиги яна давом этишини таъкидлади. Маълум бўлишича, Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер октябрь ойида И.Каримов билан учрашиш учун сафар жабдуқларини ҳозирламоқда.

Айрим таҳлилчилар Ўзбекистон Германия ëрдамида Россия қучоғидан ажралишига шубҳа билдирмоқда.

Россиядаги “Время новостей” газетаси: “Каримовнинг чўлоқ ўрдак ва бир оëғи гўрда бўлган кўланка эканини Москва яхши тушунмоқда. Агар Каримов Москвага вафосизлик қилса, оқибатларини ўйлаши лозим”, - деб ëзди.
XS
SM
MD
LG