Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:27

Бишкекда диний муаммолар муҳокама қилинмоқда


Абдуллоҳ Эргаш Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида “Марказий Осиё мусулмонлари ва уларнинг дунё маданиятига қўшган ҳиссаси” мавзуида халқаро илмий-диний анжуман иш бошлади.

Қирғизистон муфтиятининг билдиришича, унда ўттиздан ортиқ давлатдан келган уламолар ва диншунос олимлар иштирок этмоқда. Анжуманда қирқдан ортиқ илмий маъруза тингланади.

Анжуманнинг очилиш маросими дабдабалардан холи бўлиб, унда тадбирдан кутилаётган мақсад ва бугунги кундаги ислом муаммолари тилга олинди.

Жумладан, очилиш маросимида чиқиш қилган Халқаро ислом лигаси бош котиби шайх Абдуллоҳ Абдулмуҳсин ат-Туркий: “Биз динимиз йўқ бўлиб кетишидан қўрқмаймиз. Динимизни Аллоҳнинг ўзи кафилликка олган. Бизни қўрқинчга солаётган омил элимиздир. Элимиз нотўғри йўлларга, нотўғри оқимларга қўшилиб кетмасин, деган қўрқинч бор”, - деди.

Қирғизистон мусулмонлари муфтийси Муротали ҳожи Жуманов эса анжуманнинг Бишкекда ўтишини юқори баҳолади ва тадбирнинг бу ерда ўтишига мамлакатда диний эркинлик мавжудлиги муҳим роль ўйнаганини таъкидлади.

“Мусулмонларда барқарорлик бўлмаганда, мамлакатимизда дин эркинлиги бўлмаганда ҳурматли шайх Абдуллоҳ Абдулмуҳсин ат-Туркий бу анжуманнинг Бишкекда ўтишига розилик бермаган бўларди”, - деди М.Жуманов.

Бироқ Қирғизистон давлат котиби Адахон Мадумаров муфтийнинг фикрига қўшилмайди ва “Қирғизистонда диний эркинлик диний бошбошдоқликка айлантириб юборилаётгани”ни гапирди.

“Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда дин эркинлиги тўғрисида гапирди. Бу борада ютуқларимиздан кўра ютқизиғимиз каттароқдир. Бу борада бошбошдоқлик ҳукм сурмоқда. Бу анжумандан асосий мақсад ана шу бошбошдоқликка чек қўйишнинг чорасини топиш, ҳақиқий ислом қандай бўлишини одамларга кўрсатиш, ҳалолни ҳалолга, ҳаромни ҳаромга ажратишдир. Акс ҳолда бу анжумандан наф бўлмайди”, - деди А.Мадумаров.

“Озодлик” мухбири анжуман ишини диққат билан кузатаётган диндорлардан Қирғизистон муфтийси ва давлат котиби ўртасида баҳсга сабаб бўлган масала юзасидан фикр сўради. Уламолар бу борадаги саволларга эҳтиёткорлик билан жавоб қайтарди.

“1991 йилда диний эркинлик борасидаги қонун қабул қилинган. Мана шу қонунга ўзгартириш киритиш пайти келди, деб ҳисоблайман. Чунки бу қонунда ўн киши имзо чекиб ариза ёзса, уларга диний ташкилот тузишга рухсат берилади. Мана шу нарса бошбошдоқликка сабаб бўлмоқда. Менимча, муайян ҳудудда яшаётган аҳолининг икки фоизи талаби билангина диний ташкилотлар тузишга рухсат бериш зарур”, - деди Чуй вилоят қозилиги расмийси Маҳмуд ҳожи Табалди ўғли.

Қизилқия шаҳри жомеъ масжиди бош имом хатиби Муқаддас ҳожи Хўжаниёзов эса Қирғизистонда дин эркинлиги мавжудлигини, бироқ бу эркинликни янада мукаммал шаклга келтириш эҳтиёжи борлигини билдирди.

“Жума кунлари барча мусулмонлар жума намозига келади. Кўпчилик мусулмонлар шу куни ишда бўлади. Шу туфайли жума намозига кела олмай қолади. Шунинг учун ҳукумат дам олиш кунини якшанбадан жума кунига кўчириб берса яхши бўларди”, - дейди Муқаддас ҳожи.
XS
SM
MD
LG