Линклар

logo-print

Ёмонларнинг ёмони - Ўзбекистон

  • Алишер Сиддиқ

Дунёда инсон ҳуқуқлари ҳукмронлиги учун курашувчи “Фридом ҳаус” ноҳукумат ташкилоти Ўзбекистонни фуқаролар эркинлиги ва сиёсий ҳуқуқлари ўта чекланган энг ёмон давлатлар рўйхатига киритди.

Ташкилот ҳисоботида таъкидланишича, Андижондаги намойишнинг қонли бостирилиши ортидан мамлакатда сиёсий қатағонлар авж олган.

“Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги абгор вазият 2005 йил давомида янада ёмонлашди, президент Ислом Каримов ҳукумати мустақил оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари фаолларини таъқиб этди”, - дейилади ҳисоботда.

“Фридом ҳаус” ҳисоботида халқи “озод эмас”лиги айтилган эликка яқин мамлакат орасида Ўзбекистон ҳам бор. Бўлганда ҳам вазият абгор мазкур мамлакатларнинг энг ёмонлари олтилигига киритилган.

Ўзбекистон ҳукумати фуқаролар эркинлиги ва сиёсий ҳуқуқларини худди Куба, Ливия, Судан, Сурия ва Туркманистондаги каби чеклайди.

“Фридом ҳаус” ташкилотининг Европадаги қароргоҳи директори Кристи Ивенсоннинг айтишича, Марказий Осий давлатлари ичида, айниқса, Ўзбекистон ва Туркманистонда вазият тобора оғирлашиб бормоқда.

“Ўзбекистоннинг энг ёмон давлатлар даражасига тушишига мамлакатдаги Андижон воқеалари ва ушбу қирғиндан кейин кузатилган қатағонлар асосий омил бўлди. Аммо ҳисоботда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида аввалги йилларда кузатилган абгор ҳолат ҳам қайд этилган”, - дейди К.Ивенсон.

Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларидан кейин “Фридом ҳаус”нинг мамлакатдаги ваколатхонаси фаолиятини дарҳол тўхтатди. К.Ивенсоннинг таъкидлашича, “Фридом ҳаус”нинг демократик ислоҳатларни тарғиб этувчи бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар қаторида Ўзбекистон ҳукумати томонидан тақиқланиши мамлакатга берилган баҳонинг тўғрилигини яна бир бор тасдиқлайди.

“Ушбу ҳисоботни биз ҳар йили эълон қиламиз. Мақсадимиз ҳам халқаро, ҳам маҳаллий даражадаги сиёсатчиларни демократик ислоҳотларга жалб этишдир. Умид қиламанки, Ўзбекистон ҳукумати бу ҳисоботнинг айрим жиҳатларига конструктив ёндашиб, инсон ҳуқуқлари вазиятини қандай яхшилаш борасида ўйлаб кўради”, - деди К.Ивенсон.

Аммо ҳозирданоқ Ўзбекистон мулозимлари “Фридом ҳаус”нинг мамлакатга берган бундай кескин танқидий баҳоси юзасидан эътироз билдиришини тахмин қилиш мушкул эмас.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқованинг билдиришича, Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида жадал ислоҳотлар бормоқда, фақат “Фридом ҳаус” мазкур воқеликни тан олишни истамаётир, холос.

“Фридом ҳаус” Ўзбекистонда фаолият олиб бораётганида мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш амалиётларидан бохабар эди. “Фридом ҳаус” ўз ташаббуси билан ўтказган матбуот анжуманларида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг малакаси юқорилигини ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминлаш бўйича тегишли тадбирларни ўтказаётганини баён қилган эди”, - дейди С.Ортиқова.

2005 йил май ойида Андижонда рўй берган қонли воқеалардан сўнгги кескин халқаро танқидлар Ўзбекистон ҳукуматини демократик ислоҳотларга мажбур қилишнинг бир йўли сифатида синаб кўрилди.

“Фридом ҳаус” ҳисоботида айтилишича, Россия ва Хитойнинг сиёсий паноҳида Ўзбекистон ҳукумати АҚШ билан муносабатларини ёмонлаштириб, сиёсий таъқибларни кучайтириш йўлидан борди.

АҚШдаги Жон Хопкинс университетининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар раҳбари Сванте Корнел фикрича, кескин танқидларни конструктив қабул қила олмаслигини амалда исботлаб берган Ўзбекистон ҳукуматига “Фридом ҳаус” томонидан берилган навбатдаги ўта танқидий баҳо Ўзбекистон билан дипломатик алоқаларни тиклаш уринишларини янада оғирлаштириб қўйиши мумкин.
XS
SM
MD
LG