Линклар

Made in Bakyev ёки "Давр" кимники?


Абдуллоҳ Эргаш Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида ўзбекларнинг “Давр” номли яна бир ташкилоти тузилди. Бу ташкилот бир қанча сиёсий талабларни илгари сураётган Жалолобод ўзбек миллий марказига мухолифатда бўлиши айтилмоқда.

Жанубий Қирғизистонда 1991 йилда Ўзбек миллий маданий маркази ташкил этилган эди. Бу ташкилот яқин кунларгача ўзбекларнинг ягона маркази бўлиб келди. Аммо яқин бир-икки йил ичида Жанубий Қирғизистондаги ўзбек миллий маданий марказлари сони ўнга яқинлашиб қолди. Қирғизистон парламенти депутати Қодиржон Ботиров раҳбарлигидаги Жалолобод ўзбек миллий маркази уларнинг энг таниқлиларидан биридир.

Ушбу марказ жорий йилнинг 27 майида Жалолобод шаҳрида кўп минг кишилик митинг ўтказиб, ўзбек тилига расмий тил мақоми берилишини талаб қилганди. Бундан ташқари, митингда ўзбеклардан ҳукумат лавозимларига вакиллар тайинлаш муаммоси ҳам кўтарилганди.

Жалолободлик ўзбекларнинг бундай талабига қирғиз ҳукумати оғриқли муносабатда бўлгани кўпчиликка сир эмас. “Фергана.ру” сайтининг ёзишича, Жалолободда “Давр” номи билан ташкил этилган янги ўзбек жамияти ҳукуматнинг мана шу оғриқли муносабати маҳсулидир. Яъни янги ташкилот Қодиржон Ботиров раҳбарлигидаги Жалолобод ўзбек миллий марказига мухолиф сифатида ҳукумат буйруғи билан ташкил этилган.

Бироқ янги ташкилотнинг раиси Собиржон Мазаитов бу иддаони рад этди.

“Бизнинг ҳукумат билан алоқамиз йўқ”, - дейди у.

Аммо С.Мазаитов янги ташкил этилган ўзбеклар ташкилоти мақсадлари ҳақида гапирар экан, аввалги гапини инкор этгандек бўлади.

“Асосий мақсадимиз ҳукумат сиёсатини, унинг қарорлари ва қонунларини ўзбек жамоатчилигига етказиш ва уларнинг амалга оширилишига ҳисса қўшишдир”, - дейди С.Мазаитов.

У ўз ташкилоти депутат ва йирик ишбилармон Қодиржон Ботиров раҳбарлигидаги Жалолобод ўзбек миллий марказига мухолиф эканини яширмайди. С.Мазаитовнинг таъкидлашича, Қ.Ботиров раҳбарлигидаги марказ фақат бир томонлама сиёсат юргизмоқда ва ўзбекларнинг 85 фоизи орасида қўлловга эга эмас.

“Қ.Ботировнинг ташкилоти маҳаллалар ва қишлоқларда ўз бўлимларига эга эмас, кенг халқ оммаси ичига кириб бормаган. Шунингдек, бу ташкилот кейинги йилларда халқ орасида маданий, ижтимоий тадбирларни ўтказмайди, долзарб муаммоларни кўтариб чиқмайди”, - дейди С.Мазаитов.

Қ.Ботиров эса янги ўзбек маркази ташкил этилишига муносабат билдирар экан: “Халқимиз Собиржон Мазаитов раҳбарлигидаги янги марказни қўлламаслиги аниқ. Чунки бугунги кунда халқнинг кўзи анча очилиб қолган. Ҳукуматга хушомад қилиш мақсадида ташкил этилиб, ҳокимиятнинг тўғри-нотўғри қарорларини халқ манфаатига зид равишда амалга оширувчи ташкилотларнинг обрў топмаслиги кундай равшан”, - деди.

Бишкеклик сиёсатшунос Иқбол Мирсаитов фикрича, миллий марказлар раҳбарияти бугунги кунда ўзбеклар муаммоларини ҳал этиш эмас, кўпроқ сиёсат билан машғул бўлмоқда.

“Бу одамлар халқ кутаётган муаммоларни кўтармай қўйди. Аслида ўзбекларнинг ижтимоий муаммоларини мана шу марказлар ҳукуматга етказмоғи зарур эди. Бунинг ўрнига миллий марказларда сиёсат ўйинлари бошланди. Улар орасида ҳукуматга мухолифлар пайдо бўлди. Ўз ўрнида ҳукумат бундай хавфли мухолифларга қарши чораларни қўллашга мажбур бўлмоқда”, - дейди И.Мирсаитов.
XS
SM
MD
LG