Линклар

Шартнома тинчлик келтиришидан кўпчилик умидвор эмас

  • Ҳасанжон

Шу ҳафтада Исломобод расмийлари мамлакатнинг Шимолий Вазиристон вилоятидаги толиблар тарафдори бўлган жанггари гуруҳлар билан ўт очишни тўхтатиш ҳақида шартнома имзолади.

Покистон расмийлари фикрича, бу келишув қабилалар яшайдиган мазкур вилоятда тинчлик ўрнатилишида муҳим рол ўйнайди.

Бироқ Афғонистон расмийлари ва мустақил таҳлилчилар жангари гуруҳлар ўз мажбуриятини бажаришига шубҳа билдирмоқда.






Покистоннинг ярим автоном бу ҳудудида сўнгги икки йил давомида ҳукумат қўшинлари ва жангари гуруҳлар ўртасида рўй берган тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлди.

Мутахассислар фикрича, глобал терроризмга қарши курашда бу минтақа муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, Покистон Афғонистон билан чегара ҳудудларга 80 минг қўшин жойлаштирди. Исломобод расмийлари Шимолий Вазиристонда “Ал-Қоида” қолдиқлари ҳамда Афғонистонга ўтиб, террор ҳужумлари уюштираётган жангарилар таъқиб қилинаётганини таъкидламоқда.

Имзоланган битимга кўра, қабилалар бундан буён “Ал-Қоида” ва бошқа хорижлик жангариларга бошпана бермайди, уларни ҳайдаб чиқаради ва Афғонистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳаракатларига чек қўяди. Шунингдек, қабилалар ўз ҳукуматини тузмайди ва “Ал-Қоида” раҳбари Усама бин Лодинни қидираётган Покистон ҳарбийларига ҳужум қилмайди.

Ўз навбатида, Покистон ҳарбийлари минтақада ўрнатилган текширув пунктларини олиб ташлайди ва қўшинларнинг бир қисмини олиб чиқади. Шунингдек, ҳужумлар уюштирилишидан олдин қабила оқсоқоллари билан маслаҳатлашади.

Покистон президенти Парвез Мушарраф шу ҳафтада Кобулга ташрифи чоғида шартнома тафсилотини Афғонистон президенти Ҳомид Карзайга баён қилди.

“Покистон президенти бизга Шимолий Вазиристондаги террорчилар ёки толиблар қолдиқлари билан имзоланган битим ёки келишув тафсилотини маълум қилди. Унинг асосий мазмуни қуйидагича: улар Афғонистон ҳудудига ўтмаслиги ва Афғонистон халқига қарши қуролли ёки ҳарбий ҳужум қилмаслиги керак”, - деди Ҳ.Карзай келишув ҳақида гапириб.

Аммо Афғонистон раҳбари бу келишув жуда узун ва назорат қилиш қийин бўлган чегара орқали жангариларнинг Афғонистон ҳудудига ўтишини янада осонлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирди.

“Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз. Агар шартнома бажарилса, жуда яхши. Биз бундан хурсанд бўламиз. Агар бажарилмаса, биз бошқа чоралар излашга мажбур бўламиз”, - деди у.

Кўпчилик кузатувчилар ҳам имзоланган шартнома ижобий натижа беришига ишонмайди. Покистон ва Афғонистон бўйича мустақил таҳлилчи Аҳмад Рашид “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Исломобод ва қабила гуруҳлари ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақида имзоланган шартнома президент П.Мушаррафнинг Покистон ички муаммосини ҳал этиш йўлида эришган келишуви эканини айтади.

“Бу шартнома Мушаррафнинг энг муҳим тарафдорлари – ҳарбийларни ўз атрофида сақлаб қолиш учун имзоланди. Ҳарбийлар бу минтақада катта талафот кўрди. Ҳатто айрим аскарлар армиядан қочиб кетди. Қабилалар яшайдиган минтақада олиб борилаётган амалиётлар туфайли Мушаррафга қарши бўлганлар сони кўпайди. Менимча, бу келишув, биринчи навбатда, Мушаррафни армия танқидидан сақлаш учун имзоланди”, – деди Аҳмад Рашид.

Покистонлик таҳлилчи шартномада унинг талабларини бажармаган томонга ҳеч қандай жазо белгиланмагани боис, келишув амалга ошишига шубҳа билдирди.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбийлари ҳам Исломобод ва қабилалар ўртасида имзоланган шартнома толиблар ва “Ал-Қоида” жанггариларига қарши олиб борилаётган курашга салбий таъсир этиши мумкинлигидан хавотирини яшираётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG